Нукус шаҳридан ўтувчи “Дўстлик” каналини реконструкция қилиш, яъни белгиланган қисмида бетонлаш ишлари ниҳоясига етказилди. Лойиҳа доирасида бош пудратчи ташкилот “Кегейлимахсуссувпудрат” МЧЖ томонидан каналнинг 4 километр қисми реконструкция қилиш белгиланган.

Лойиҳани амалга оширишдан кутилаётган асосий самараси, ижтимой эстетик жиҳатдан Нукус шаҳрида сув туризмни ривожлантириш, сув спорти билан шуғулланиши учун қулай шароит яратиш ва канал бўйларини аҳолининг дам олиш масканига айлантириш ҳисобланади.
Ушбу канал Қарақолпоғистон Республикаси шимолидаги энг йирик каналлардан бўлиб, узунлиги 25,2 км ни ташкил этади. Канал орқали Нукус шаҳри, Тахтакўпир, Қораўзак, Кегайли, Чимбой ва қисман Нукус туманлари экин майдонларига сув етказилади.
“Дўстлик” каналида бетонлаш ишлари якунлангач, кейинги кунларда мазкур каналга секундига 100 метр кубгача сув берилиб, республикамизнинг шимолий туманларида шўр ювиш тадбирлари уюшқоқлик билан давом эттирилмоқда.
Маълумот учун: Қорақалпоғистон Республикасида 2025 йилнинг шўр ювиш даври давомида 171 минг гектар майдонда шўр ювиш, 63 минг гектар ғалла майдонларида ҳамда аҳолининг томорқа майдонларида суғориш ишларини олиб бориш режа қилинган. Ушбу тадбирлар учун жами манбадан 1,4 млрд метр куб сув олиш лимити ажратилган. Олинган сув миқдорлари билан кунига ўртача 2 минг гектар суғорилаётган бўлса, мавсум бошида жами 87 минг гектар майдонда шўр ювиш ишлари олиб борилди.
Маълумки, минтақага келиб турган сув миқдорларининг камайиши ҳисобига 2019 йилдан буён Оролбўйи ҳудудларида қиш мавсумида оммавий равишда шўр ювиш тадбирлари ўтказилмаётган эди. 2024 йилда сув манбларидаги сув миқдорларининг нисбатан яхши бўлганлиги натижасида Туямўйин сув омборига қўшимча сув йиғишга эришилди ва декабр ойи ўрталаридан бошлаб шўр ювиш тадбирлари олиб борилмоқда.
Қорақалпоғистон Республикаси
Сув хўжалиги вазирлиги Матбуот хизмати