Кегейли тумани: СУВ ХЎЖАЛИГИ МАСЪУЛЛАРИ САЙЁР ҚАБУЛ ЎТКАЗДИ

     Бугун, яъни 14 март куни Қорақалпоғистон Республикасидаги оғир аҳволдаги 96 та маҳаллага бириктирилган вазирлик ва идоралар раҳбарлари томонидан Халқ қабулхоналари билан биргаликда ўтказиладиган сайёр қабуллар жадвалига мувофиқ, Кегейли туманида сув хўжалиги масъулларининг сайёр қабуллари бўлиб ўтди.

     Тумандаги “Абад” ва “Жанабазар” овул фуқаролар йиғинидаги мактаб биноларида ўтказилган сайёр қабулда Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазири Б.Жузбаев ҳамда Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги “Сувхўжаликназорат” инспекцияси бошлиғи Р.Рахимов, Халқ қабулхонасининг тумандаги раҳбари ва туман ҳокимининг ўринбосари иштирокида сув хўжалиги хусусан, томорқа майдонларига сув етказиш, “Камбағалликдан фаровонлик сари” дастури доирасида аҳолини қийнаётган муаммолар юзасидан мурожаатларини тингладилар.

    Овул аҳолиси асосан томорқа майдонларига сув етказиб бериш масаласи бўйича мурожаат қилишди. Шунингдек, каналлар қазилиши натижасида кам сув келганида ундан томорқаларни суғориш имкони бўлмаётгани,  қазиб тозалаш ишларида ер майдонлари билан сув сатхини ҳособга олиш бўйича ҳам мурожаатлар бўлди.

     Сайёр қабул давомида ички каналларнинг лойқа тўпланиб сув йўлини тўсиб турган қисмларини экскаватор жалб этиб қазиш, қўшимча сув ажратиш каби масалалар шу ернинг ўзида ҳал этилди. Қўшимча ўрганиш ҳамда вақт талаб этиладиган мурожаатлар бўйича ҳудудий сув хўжалиги раҳбарларига топшириқлар берилди.

 

“Жанабазар” овул фуқаролар йиғинидаги аҳоли вакиллари бандлик, ижтимоий кўмак, уй-жойини таъмирлаш каби масалалар бўйича ҳам мурожатлар қилишди. Сув хўжалиги вазирлиги маъуллари бу борадаги мурожаатларни ҳам ижобий ҳал этиш бўйича ёрдам беришларини айтишди. Шунингдек, масъуллар сув хўжалиги масалалари юзасидан мурожаатларни жойига бориб ҳам ўрганиб, ҳудудий масъулларга тегишли кўрсатмалар беришди.

Қорақалпоғистон Республикаси

Сув хўжалиги вазирлиги Матбуот хизмати