Ўтган йили Қорақалпоғистон Республикаси туманларига йигирмадан ортиқ ёмғирлатиб суғориш типига кирадиган – Мобил суғориш машинаси олиб келиниб, ғалла майдонларини суғоришда қўллана бошланган эди.

Бўзатов туманидаги «OQTUBA YAYLOVI» ишлаб чиқариш кооперативининг ғалла майдонида сув тежовчи технологиялардан самарали фойдаланиш, хусусан, мобиль кўчма ёмғирлатиш тизимидан фойдаланишнинг афзалликлари бўйича кўргазмали семинар ўтказилди.

Тадбирда Бўзатов тумани ҳокими Б.Уббиниязов, Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазирининг биринчи ўринбосари А.Уразымбетов, туман қишлоқ ва сув хўжалиги соҳаси мутахассислари, фермер ва қишлоқ хўжалиги корхоналари раҳбарлари иштирок этди.

Семинарда Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлигидан келган масъул вакил Д.Кдирбаев сўзга чиқиб, кейинги йилларда кузатилаётган сув танқислиги шароитида сув тежовчи технологиялардан кенг фойдаланиш зарурати ҳамда мобиль кўчма ёмғирлатиш тизимидан фойдаланишнинг афзалликлари бўйича кенг турда маълумот берди.

Фермер ва бошқа сув истеъмолчилари мазкур сув тежовчи технологиянинг ишлаш жараёни билан танишдилар ҳамда ўзларини қизиқтирган саволларга масъуллардан жавоблар олишди.
Бу каби кўргазмали семинарлар Оролбўйининг бошқа ҳудудларида ҳам ўтказилмоқда.
Қорақалпоғистон Республикаси
Сув хўжалиги вазирлиги Матбуот хизмати