Нукус туманида ОАВ вакиллари учун пресс-тур ўтказилди

Жорий йилда Ҳукумат қарорлари ҳамда тегишли дастурлар асосида Қорақалпоғистон Республикасидаги 4 та каналда реконструкция, бетонлаштириш ишлари амалга оширилмоқда. Улардан бири Нукус туманидаги “Ақманғит” каналидир.

Дастур доирасида “Ақманғит” каналининг 9,5 километр қисмини бетонлаштириш белгиланган бўлиб, бу ишларга 9500,0 млн сўм маблағ ажратилган. Ҳозирги кунда канални жорий суғориш мавсумигача белгиланган қисмида бетонлаш ишлари ниҳоясига етказилиб, каналга сув очилди.

Эътиборлиси, канални реконструкция қилиш  бўйича режалаштирилган ишларни амалга ошириш натижасида, йилига 7 млн метр куб сув иқтисод қилиниши кутилмоқда. Шу билан бирга жами 2 минг гектардан ортиқ фермер хўжаликлари ҳамда аҳоли томорқа майдонларининг сув таъминоти яхшиланиши кутилмоқда.

Тумандаги фермерлар, томорқа эгалари суғориш тармоқларини реконструкция қилиш, сув йўқотишларни камайтириш борасида амалга оширилаётган бу ишлардан мамнун бўлишмоқда.

Бугун, яъни 23 апрель куни туманда каналларни бетонлаштириш борасида амалга оширилаётган ишлар билан кенг жамоатчиликни таништириш мақсадида оммавий ахборот воситалари вакиллари учун пресс-тур ташкил этилди.

Тадбир иштирокчилари “Ақманғит” каналини ва «Камбағалликдан фаровонлик сари» дастури доираси бетонланган “Дийхан-арна” каналини бориб кўрдилар.

Оммавий ахборот воситалари вакиллари тумандаги суғориш тармоқларида амалга оширилаётган қурилиш ва таъмирлаш ишлари билан яқиндан танишдилар.

Шунингдек, журналистлар туманда ирригация тармоқларини суғориш мавсумига тайёрлаш юзасида амалга оширилган ишлар ва келгуси режалар юзасидан ўтказилган кўргазмали семинарда иштирок қилди. Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги, Нукус тумани «Сув етказиб бериш хизмати» давлат муассасаси ва “Qoraqalpoqsuvqurilishinvest” ДМ масъуллари сув хўжалигида амалга оширилаётган ишлар юзасидан ахборот берди.

Тадбир давомида сув хўжалиги масъуллари ҳамда маҳалла фаоллари, фермер, томорқа эгалари ОАВ вакилларига интервьюлар беришди.  Тадбир давомида нуронийлар дуоси билан янгидан бетонланган каналларга сув очилди. 

Қорақалпоғистон Республикаси

Сув хўжалиги вазирлиги матбуот хизмати