Ўзбекистонда сув ресурсларини бошқариш миллий лойиҳаси доирасида шу йилнинг 16 июнь куни Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида “Инновациялар, инклюзия ва сув тежаш: сув тежовчи технологияларга аёллар нигоҳи” мавзусида уч кунлик семинар ва танишув саёҳати бошланган эди.
Тадбирда Тожикистон Республикасидан ҳамда юртимиздаги сув хўжалиги тизимида фаолият юритаётган аёл мутахассислар, фермер аёллар иштирок қилмоқда.
Тадбир иштирокчилари кеча Хоразм вилоятининг бир неча туманларида бўлишди. Хусусан, Хива, Урганч туманларида лойиҳа доирасида ўрнатилган метеостанция иши билан ҳамда Янгибозор туманида «Раҳимберган хожи Анбар» кўп тармоқли фермер хўжалиги фаолияти билан танишишди.
Бугун, яъни 17 июнь куни тадбир иштирокчилари Қорақалпоғистон Республикасига ташриф буюришди.

Меҳмонлар Буруний тумани “Сув етказиб бериш хизмати” ДМ маъмурий биносида қорақалпоқ урф-одатларига кўра, нон-туз билан кутиб олинди. Шу ерда сув хўжалиги соҳасида амалга оширилаётган ишлар, хусусан, сув йўқотишларни камайтириш бўйича каналларни бетонлаштириш, сув тежовчи технологияларни жорий этиш, сувнинг ҳисобини юритиш борасида амалга оширилаётган ишлар юзасидан ахборот берилди.

-Қорақалпоғистоннинг қурғоқчил шароитида ҳам ер-сув ресурсларидан самарали фойдаланиб деҳқончилик қилинаётгани, айниқса хотин-қизлар учун кўплаб иш ўринлари яратилаётгани тадбир иштирокчиларида катта таассурот қолдирди, – дейди Ўзбекистонда сув ресурсларини бошқариш миллий лойиҳаси мутахассиси Собитжон Маматов. – Масалан, «Саркоп кооператив» масъулияти чекланган жамиятида ўнлаб аёллар бандлиги таъминланган. Жамият раҳбари Бекзод Алламов ҳали ўзи 30 ёшга тўлмасада ёшларга берилаётган имкониятлардан самарали фойдаланиб, дастлаб 30 сотих ерда иссиқхона ташкил этган бўлса, ҳозирда бир гектардан ортиқ иссиқхонада йилига бир неча бор бодринг етиштираётган экан. Тадбиркорлигини кенгайтириш мақсадида жорий йилдан бошлаб гул етиштиришни ҳам йўлга қўйган. Этиборлиси, барча майдонига томчилатиб суғориш технологиясини жорий этган тадбиркор кам ер ва сув билан ҳам кўпроқ даромад топиш имкониятлари ҳамда ўзи эришаётган натижалар ҳақида гапириб бергани бизни қувонтирди.

Тадбир иштирокчиларига Беруний туманидаги «RAYHON APPAREL» МЧЖда пахтани қайта ишлаш ва тайёр маҳсулот ишлаб чиқаришнинг тўлиқ цикли намойиш этилди. Шунингдек, меҳмонлар “Бўстон” каналининг Элликқалъа ва Беруний туманлари оралиғидаги гидроиншоот билан танишдилар. 
Бу ерда сув ресурслари тақчиллиги кучайиб бораётган шароитда суғориладиган ерларнинг сув билан таъминланишини ошириш мақсадида сув хўжалиги инфратузилмасини реконструкция қилиш учун инвестицияларни жалб этишнинг ҳамияти, хусусан, мазкур каналнинг қурилиши билан Қорақалпоғистоннинг жанубий туманларида сувни бошқаришда эришилган натижалар ҳақида ахборотлар берилди.

Меҳмонлар Беруний агротехнология техникумида ҳам бўлишиб, сув хўжалигида кадрлар салоҳиятини ошириш масаласини муҳокама қилдилар. Шунингдек, ушбу ўқув юртига Сув ресурсларини бошқариш лойиҳаси доирасида олдинги йилларда қурилган сув тежовчи технологиядан фойдаланиш ҳолатини кўздан кечиришди.



Тадбирга Тожикистон Республикасидан фермер аёллар ва Швейцария Конфедерацияси томонидан молиялаштирилаётган сув ресурсларини бошқариш лойиҳаси ходимлари ҳам таклиф этилгани уч кунлик ушбу тадбирнинг халқаро аҳамиятга эга эканлигидан далолатдир. Албатта, бу тадбирни ҳам қўшни мамлакатлар ўртасидаги трансчегаравий сув оқимларидан барқарор фойдаланиш ва гендер тенглигини таъминлашдаги ҳамкорликни кучайтириш қаратилган амалий ишлардан бири сифатида эътироф этиш мумкин.

Иштирокчилар тадбир жараёнларига оид таассуротлари ҳақида оммавий ахборот воситалари вакилларига интервьюлар беришди.
Эртага Хоразм вилоятида семинар дастурига кўра тадбирлар давом этади.
Ғ.Отажонов,
Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги матбуот котиби