Қорақалпоғистон Республикаси, умуман Оролбўйи минтақаси юртимизнинг бошқа ҳудудларидан фарқли ўлароқ каналлардан фойдаланиш даври кўпроқ, яъни суғориш даври билан бирга шўр ювиш даври ҳам бор. Бу даврда ҳам каналларда сув бўлиши ҳисобига сув йўқотишларни камайтиришга қаратилган тадбир – каналларни бетонлаштиришга куз ва баҳор мавсумида кам вақт қолади.

Мазкур омилни ҳисобга олган қорақалпоғистонлик сувчилар айни кунларда ҳам каналларни бетонлаштириш ишларини изчил давом эттирмоқда.
– Ҳозирда “Жузимбағ” овул фуқаролар йиғини ҳудудидаги “Даулет насос салма” ички каналида бетонлаш ишлари амалга оширилмоқда. Ушбу канал сув солиғи ҳисобига ўтказилган маблағнинг 40 фоизи ҳисобидан шакллантирилган маблағлар ҳисобидан бетонлаш учун зарур бўлган цемент ва бошқа материаллар олиниб, сувчиларнинг ишчи кучи ва техникалари ёрдамида бетонлаштирилмоқда. Иш 2 сменада ташкил этилиб, қурилиш бошида иссиқ овқат ва бошқа зарур шароитлар яратилган.

Каналларни бетонлаштириш ишларини жадаллаштиришда “Сув етказиб бериш хизмати” давлат муассасалари олган махсус техникалар иш унумдорлигини оширишга хизмат қилмоқда. Кегейли тумани сувчилари жорий йилда янги экскаватор ҳамда «Кармикс» махсус техникалари олган эди ва каналларни бетонлаштиришда ушбу техникалар қўл келмоқда.

Эътиборлиси, кегейлилик сувчилар ҳар бир кун, соатдан унумли фойдаланишнинг барча чоралари кўришмоқда. Сув хўжалиги вазирлиги масъуллари томонидан ички каналларни бетонлаш борасидаги ишларни барча туманларда жадал давом эттириш бўйича кўрсатмалар берилиб, бу ишлар назоратга олинган.
Қорақалпоғистон Республикаси
Сув хўжалиги вазирлиги матбуот хизмати