Қўнғирот тумани: Семинар баҳонасида насос станцияларимиз намунавий ҳолатга келтирилмоқда

      Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлигининг 2022 йил 5 декабрдаги жойларда муҳокама қилинадиган масалалар ва режа кўрсаткичларнинг бажарилишини таъминлаш бўйича семинарлар ўтказиш бўйича тасдиқланган график асосида ҳар ҳафтанинг жума куни насос станцияларида кўргазмали семинарлар ўтказилиб, белгиланган вазифалар ижроси ўрганиб келинмоқда.

Қорақалпоғистон насос станциялари ва энергетика бошқармаси масъуллари иштирокидаги бугунги семинар Кўнғирот туманидаги “Равшон-соға” насос станциясида бўлиб ўтди.

–  Семинар баҳонасида барча насос станцияларимиз намунавий ҳолатга келтирилмоқда, – дейди Қорақалпоғистон насос станциялари ва энергетика бошқармасининг Ишлаб чиқариш техника бўлими бошлиғи Сагидулла Утемуратов. – Тўғриси, бундан икки ярим йилча олдин хохлаган насос станцияга бориб бу каби семинарни ўтказиш имкони йўқ эди. Негаки, насос станциялари атрофини ободонлаштиришдан тортиб, таъмирлаш, бўяш ишлари дейсизми, бир талай камчиликлар бўлиши мумкин эди.

Ўтган давр мобайнида семинарлар доирасида электр энергиясидан самарали фойдаланиш, агрегатларини сифатли таъмирлаш ва ҳимоя зоналарида ёрдамчи хўжаликлар ташкил этиш борасида берилган топшириқлар бугун ўз натижасини кўрсатмоқда. Энг олис ҳудудлардаги насос станциялари ходимлари ҳам ҳимоя зоналаридан самарали фойдаланишни бошлади. Мана бугун семинар бўлаётган Қўнғирот туманидаги ушбу насос атрофи илгарилари юлғун ўсиб, ишчилар учун ҳам шароит яхши эмасди. Ҳозир кўраяпмиз, шу ерга экилган помидор ва бошқа сабзавот-полиз экинлари пишиб етилган. Бир сўз билан айтганда, биз семинарларда муҳокама этадиган таъмирлаш, насос агрегатлари ҳамда трубаларини бўяш ишларини, шунингдек, эскирган ускуналарни алмаштириш ҳамда электр энергиясидан самарали фойдаланиш зарурлигини бугун оддий насосчилар ҳам жуда яхши англаб етганлар.

 Семинарда Бошқарманинг Меҳнат муҳофазаси ва техника хавфсизлиги бўйича бош мутахассиси Ж.Мурадов ҳам сўз олиб, насос станцияларда электр энергиясини тежаш, электродвигателларни мунтазам назорат қилиш, ишчи-ходимларнинг техника хавфсизлиги қоидаларига риоя қилиши бўйича фикр ва мулоҳазаларини билдириб ўтди.

Шунингдек, тадбирда бошқарманинг Қўнғирот-Мўйноқ бўлими бошлиғи Н.Махаловга барча насос станциялар атрофларида ёрдамчи хўжаликларни ташкил этиш, ер майдонларидан самарали фойдаланиб қишлоқ хўжалиги экинларини етиштириш ва ходимларни қўшимча рағбатлантириб бориш бўйича масъуллар томонидан керакли тавсия ва топшириқлар берилди.

Қорақалпоғистон Республикаси

Сув хўжалиги вазирлиги матбуот хизмати