
Элликқалъа туманидаги “Амиробод сарвари” фермер хўжалиги даласида келгуси йил ҳосили учун ер тайёрлаш ва экин майдонларнинг шўрини ювиш ишлари бўйича кўргазмали семинар ўтказилди.
– Минтақамизда сув тақчиллиги йил сайин ошиб бораётган бугунги шароитда ерларнинг шўрини ювиш тадбирларида ҳам сувни тежаш талаб қилинмоқда, – дейди Элликқалъа тумани ирригация бўлими бошлиғи Зафар Тангирбергенов. – Шўр ювишга ажратилаётган лимит ҳисобига ушбу тадбирни сифатли ўтказишнинг барча чораларини кўряпмиз. Бугунги семинарда ҳам фермерларга экин майдонларини шўр ювишга сифатли тайёрлаш, сувдан самарали фойдаланиш зарурлиги тушунтирилмоқда. Шунингдек, далаларни лазерли ускуна ёрдамида текислаш, экин майдонларининг ўлчамлари ва шўр ювишни ўтказиш тартиби ҳақида батафсил муълумотлар берилмоқда.
Семинар ўтказилаётган дала олдин 2 та контур бўлиб, умумий 5,2 гектарни ташкил қилган. Лазерли текислаш ўтказилгандан кейин мазкур дала яхлит 1 контурга келтирилиши натижасида 0,8 гектар қўшимча ер қўшилди. Далага берилаётган сувнинг аниқ ҳисобини юритиш ва сифатли суғориш учун 2 та гидропост ўрнатилди.
Маълумот учун. Элликқалъа туманида 2021 йил ҳосили учун 14 минг 524 гектар ернинг шўрини ювиш белгиланган. Шундан 2250 гектари кучли, 7074 гектари ўртача ва 5200 гектари кам шўрланган майдонлар.
| Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги матбуот хизмати |