КЎРГАЗМАЛИ СЕМИНАРЛАР ДАВОМ ЭТМОҚДА

Қорақалпоғистон Республикасининг барча туманларида ерларнинг шўрини ювиш ва экин майдонларини лазер ускунаси ёрдамида текислаш бўйича кўргазмали семинарлар ўтказилмоқда.

Шуманай туманида соҳа мутахассислари, фермерлар, мутасадди ташкилотлар вакиллари иштирок этган семинар очиқ мулоқот тарзида ўтди. Қатнашчиларга шўр ювиш, ерларни шўр ювишга тайёрлаш, лазер усулида ер текислашнинг аҳамияти ҳақида атрофлича маълумот берилди.

Таъкидландики, экин майдонлари лазер ускунаси ёрдамида текисланса, шўр ювиш ва вегетация даврида сувни 25-30 фоизгача тежаш имкони бўлади.

– Ўтган йили 3 гектар майдонни лазер ускунаси ёрдамида текислаган эдик, – дейди Шуманай туманидаги “Баҳром илғор” фермер хўжалиги раҳбари Неъматжон Шомурадов. – Тажрибамиздан амин бўлдикки, экин майдонининг текис бўлиши ҳосилдорликнинг ортиши билан бирга, кам сув билан қисқа вақт ичида суғориш имконини берар экан. Олдинги йилларда ушбу далаларда пахтадан 20-22 центнердан ошириб ҳосил ололмасдик. Жорий йилда ҳосилдорлик 35 центнерга етди. Шу боис бу йил барча майдонларимизни лазер ускунаси ёрдамида текислашни режалаштиряпмиз.

Шунингдек, тадбирда Исроилнинг “Netafim” компанияси томонидан ишлаб чиқарилаётган замонавий томчилатиб суғориш технологияси ҳам намойиш этилди. Ушбу ускуналарни ўрнатиш ниятида бўлган фермерлар билан музокоралар ўтказилиб, келишувга эришилди.

 

Ғ.Отажонов,

Қорақалпоғистон Республикаси
Сув хўжалиги вазирлиги матбуот котиби