Жаҳон банки иштирокидаги «Миллий ирригация тизимларини яхшилаш ва энергия самарадорлигини ошириш» лойиҳасида мамлакатимиздаги жами 8 та канални реконструкция қилиш режалаштирилган.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 1 августдаги “Миллий ирригация тизимларини яхшилаш ва энергия самарадорлигини ошириш лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида Қорақалпоғистон Республикаси Бухоро, Наманган, Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятларидаги ирригация тизимларини реконструкция қилиш белгиланган.
Шу жумладан, Қорақалпоғистон Республикасида “Қуўаниш жарма” каналини реконструкция қилиш белгиланган.
Сув хўжалигида хорижий инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш маркази ходимлари Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги ҳамда “Қуўаниш жарма” ирригация тизими бошқармаси масъуллари билан биргаликда реконструкция қилиниши режалаштирилган “Қуўаниш жарма” каналини ҳамда ундаги гидроиншоотларни ўрганиб чиқишди.

– “Қуўаниш жарма” канали бўйича тендер ҳужжатлари тайёрланган, – дейди Сув хўжалигида хорижий инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш марказининг лойиҳа муҳандиси Эргаш Сабиров. – Мазкур ҳужжатлар ҳозирги пайтда Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳамда Жаҳон банки томонидан келишув жараёнида, мазкур келишув бўлганидан кейин қурилиш ташкилотларини аниқлаш учун эълон берилади. Ҳозирги кунда консалтинг компанияларини жалб қилиш учун тендерлар эълон қилинган.

Лойиҳа доирасида “Қууаниш жарма” каналининг 34,2 километр қисмида реконструкция қилиш, бетонлаштириш назарда тутилган. Бу ишларни амалга ошириш орқали ҳудудларда мавжуд суғориладиган ер майдонларига барқарор сув етказиб бериш, фойдаланишдан чиқиб кетган ер майдонларини қайта фойдаланишга киритиш, каналларнинг сув ўтказиш қобилиятини 20-30 фоизга ошириш, ФИКни ўртача 65 дан 95 гача етказиш, каналдаги 23 та гидроиншоотларни таъмирлаш назарда тутилмоқда.
Қорақалпоғистон Республикаси
Сув хўжалиги вазирлиги матбуот хизмати