ҚОРАҚАЛПОҒИСТОНДА СУВ ТЕЖОВЧИ ТЕХНОЛОГИЯЛАР КЎЛАМИ КЕНГАЙМОҚДА семинар ва пресс-тур тафсилотлари

     Қорақалпоғистон Республикасининг Беруний туманида “Сув тежовчи технологияларнинг афзалликлари, намунали бетонлаштириш ишлари ҳамда ёрдамчи хўжаликларни ташкил этиш” мавзусида минтақавий семинар бўлиб ўтди.

       Унда Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятидаги сув хўжалиги ташкилотлари, кластер ва фермер хўжаликлари раҳбарлари, мутахассислар ҳамда қурувчи-пудрат корхоналари, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этишди.

     Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси Ф.Эрманов, Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазири Ш.Хамраев,  Президент Администрацияси масъул ходими Ҳ.Мардонов сўзга чиқиб, кейинги йилларда ҳурматли Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёев томонидан сув хўжалиги соҳасига алоҳида эътибор қаратилаётганини таъкидлашди, сув ресурсларидан оқилона ва самарали фойдаланиш, беҳуда сарфланишининг олдини олиш, сув йўқотишларни камайтириш ҳамда сув тежовчи технологияларни жорий этиш борасидаги ишлар янги босқичга чиққанлигини эътироф этишди.

     Президент қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасида сув ресурсларини бошқариш ва ирригация секторини ривожлантиришнинг 2025-2028 йилларга мўлжалланган дастурида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш борасида ҳар бир ҳудудда амалга ошириладиган ишлар кенг муҳокама этилди.

     Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раисининг қишлоқ ва сув масалалари бўйича ўринбосари Ш.Тешаев, Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазири Б.Юсупов, Беруний тумани ҳокими И.Хидиров ва бошқа мутасаддилар ҳам сўзга чиқиб, кузги-қишки тадбирлар доирасида суғориш тармоқларини тозалаш, бетонлаш ва сув тежовчи технологияларини жорий этиш борасидаги тадбирларга тўхталиб ўтдилар.

     Таъкидланганидек, Қорақалпоғистон Республикасида 2019-2025 йилларда 69 минг 233 гектар майдонда сув тежовчи технологиялар жорий қилинди, 221 минг 208 гектар майдон лазерли текислагичлар ёрдамида текисланди. Бу ўз навбатида сув миқдорларини иқтисод қилиш ва мавжуд сув ресурсларидан самарали фойдаланиб, хосилдорликни оширишга ўз таъсирини кўрсатмоқда. 

     Тадбир давомида Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлигининг масъуллари каналларни бетонлаштириш, сув тежовчи технологияларни жорий этиш, насос станцияларида электр энергиясини тежаш, қуёш панеллари ўрнатиш мавзуларида тақдимотлар қилишди. Шунингдек, “KAVSAR” тизими ва сув тежовчи технологияларни қурувчи ташкилотлар ҳам ўзларининг маҳсулотларини намойиш этишди. Тадбирда иштирок этаётган кўплаб фермерлар қишлоқ хўжалиги ерларига қуёш панеллари орқали энергиясиз сув етказиб берувчи “KAVSAR” тизимига қизиқиш билдиришди.

     Маълумот берилишича, сувдан фойдаланилмаган вақтларда мазкур ускунанинг қуёш панеллари орқали хонадонни электр энергияси билан таъминлаш мумкин. Энергия ишлаб чиқариш ҳисобига оила учун харажатлар камаяди. Ускунада деҳқон-фермерларнинг маиший эҳтиёжлари учун дала шароитида музлаткич, ичимлик сувидан фойдаланиш, кичик ўлчамда ошхонани ёритиш, мобил алоқа техникасини қувватлантириш имкониятлари мавжуд. Эътиборлиси мобил суғориш тизими 15 гектар майдонни суғориши мумкин.

     Тадбирда “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида суғориш тармоқлари атрофига кузги кўчат экиш тадбирлари бошлангани ва бу ишларда ҳам барча бирдек фаол иштирок этиши лозимлиги таъкидланди.

     Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазири ва бошқа масъуллар дарахт кўчатларини экишди.

     Маълумки, Президентимизнинг 2025 йил 15 августдаги ПҚ-250-сонли қарорида мавжуд сув ресурсларидан оқилона ва самарали фойдаланиш, уларнинг беҳуда сарфланишининг олдини олиш бўйича истеъмолчиларнинг ҳуқуқий онгини ва маданиятини ошириш мақсадида жойларда тарғибот-ташвиқот тадбирларини ташкил этиш ҳамда оммавий ахборот воситалари орқали кенг ёритиб борилишини таъминлаш белгиланган.

     Шунга кўра, бугунги семинар дорасида оммавий ахборот воситалари вакиллари учун пресс-тур ҳам ташкил этилди. Журналистлар туманнинг Махтумқули ОФЙ ҳудудидаги “Дурдибаев Тажимурод” фермер хўжалиги дала майдонларида жорий этилган сув тежовчи технологияларни, сув йўқотишларни камайтириш бўйича суғориш тармоқларини бетонлаштириш, ички ариқларига қўлланилаётган қуруқ бетон тўшамаси, коллекторларни қамиш ва бошқа ўсимликлардан “Ковш-косилка” билан тозалаш жараёнлари ҳамда коллектор бўйида ўрдак боқишни ташкил этиш борасида амалга оширилган ишлар билан яқиндан танишдилар.

     Шунингдек, масъуллар амалга оширилаётган ишлар юзасидан интервьюлар беришди. Бу ҳақда кейинги материалларимизда батафсил таништириб борамиз.

Қорақалпоғистон Республикаси

Сув хўжалиги вазирлиги матбуот хизмати