
Жорий йилда Амударё туманидаги “Хайтаков Улуғбек” фермер хўжалиги 10 гектар ғўза майдонида томчилатиб суғориш технологиясини жорий қилиб, олдинги йилларга нисбатан мўл ва сифатли ҳосил етиштиришга муваффақ бўлди.
– Илгари бу технология бизнинг шароитда ўзини оқламайди, деган фикрда эдим, – дейди фермер хўжалиги раҳбари У.Хайтаков. – Бу йил ушбу технологияни амалда қўллаб кўриб, янглиш фикрдалигимни билдим. Негаки, ҳақиқатан ҳам кам харажат, кам сув билан кўп ҳосил олиш имконини берадиган тежамкор усул экан.
Дастлабки йил бўлганлиги учун ўзига яраша муаммоларга ҳам дуч келдик. Биринчиси, электр таъминотида узилишлар кузатилган бўлса, иккинчиси, экин майдонларимизнинг нотекислиги бўлди. Шундай бўлсада, авваллари 18-20 центнердан ҳосил олган майдонларимиздан 30 центнердан ошириб хирмон кўтардик. Келгуси йилда барча майдонларимизга томчилатиб суғориш технологиясини қўлламоқчимиз. Шу мақсадда, ерларни лазер ускунаси ёрдамида текислаяпмиз.
| Ғ.Отажонов, Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги матбуот котиби |