
Жорий йилги сув танқислиги қорақалпоғистонлик фермерларга эндиликда ер ва сувга бўлган муносабатни бутунлай ўзгартириш кераклигини яна бир бор исботлади. Айни кунларда сув хўжалиги масъуллари ҳар бир туманда кўргазмали семинарлар ташкил қилиб, фермерларга шўр ювиш, тежамкор технологияларни кенг қўллаш борасида тегишли тавсияларни бермоқда.
Чимбой ва Бўзатов туманларида ўтказилган ана шундай тадбирларда ҳам ғалла парвариши, шарбат усулида суғориш, бунинг учун махсус хандақлар қазиш, маҳаллий ўғит жамғариш ишларини ташкил этиш бўйича тавсиялар айтилди. Шунингдек, ер майдонларини лазер ускунаси ёрдамида текислаш, ички канал ва ариқларни сифатли тозалаш юзасидан кўрсатмалар берилди.
Қорақалпоғистон Республикасида 2021 йилда сув тежовчи технологиялар қўлланиладиган майдонлар бир неча баробар оширилади. Чимбой ва Бўзатов туманларида бўлиб ўтган тадбирларда замонавий сув тежамкор технологияларни жорий этиш бўйича ҳозирданоқ қурувчи ташкилотлар билан фермерлар ўртасида музокаралар ўтказиш, шартномалар тузиш ишларини амалга ошириш зарурлиги таъкидланди. Шунингдек, фермерларга мутахассислар кўрсатмаларига мувофиқ, далага сув етказувчи нуқталар ва сув тиндирувчи ҳовузларни ҳозирдан тайёрлаш бўйича тавсиялар берилди.
|
Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги Матбуот хизмати |