ЭКИН МАЙДОНЛАРИ ЛАЗЕРЛИ УСКУНА ЁРДАМИДА ТЕКИСЛАНМОҚДА

Амударё туманида ўтказилган кўргазмали семинарда экин майдонларини лазер қурилмаси ёрдамида текислаш, томчилатиб суғориш технологиясини жорий этиш, ички коллектор ва каналларни тозалаш масалалари муҳокама этилди. Унда сув хўжалиги ташкилотлари мутахассислари ва тумандаги фермер хўжаликлари раҳбарлари иштирок этди.

Ҳозирда туманда 10 дан ортиқ замонавий техника лазерли ускуна ёрдамида далаларни текислаш ишларига жалб қилинган. Мавсум давомида яна 15 дона ана шундай текислаш ускуналарини сотиб олиш режалаштирилган.

Шу кунларда “Расулов Эркин” фермер хўжалигининг далалари лазерли ускуна ёрдамида текисланмоқда. Фермер хўжалиги раҳбари Э.Расулов семинарда сўзга чиқиб, келгуси йилда пахта экиладиган 24 гектар майдонда томчилатиб суғориш технологияси жорий этиш ниятида эканлигини билдирди.

Кўргазмали семинар иштирокчилари техникаларни мавсумий таъмирлаш, экин майдонларини шудгор қилиш ва лазерли ускуна ёрдамида текислаш ишларини жойига бориб ўрганишди.

 

Ғ.Отажонов,

Қорақалпоғистон Республикаси
Сув хўжалиги вазирлиги матбуот котиби