ЯНГИ ЙИЛ ТАБРИГИ

Ассалому алайкум!

Ҳурматли сув хўжалиги ходимлари!

Мана, 2025 йил якунланиб, барчамиз янги орзулар, катта-катта режалар билан Янги – 2026 йилни кутиб олмоқдамиз.

Бир неча кун олдин Ҳурматли Президентимиз Олий Мажлисга ва кўпмиллатли халқимизга келгуси йўллаган Мурожаатномасида ҳам сувдан оқилона фойдаланиш давлат сиёсати даражасига олиб чиқилгани эътироф этилди. 2025 йилда 2 млн 300 мингга яқин аҳолининг сув таъминоти яхшилангани ёки 867 та маҳалладаги 470 мингта хонадонга томорқаларни суғориш учун илк бор сув етиб боргани таъкидланди. 

Бу борада Қорақалпоғистон Республикасида ҳам кенг кўламли ишлар натижасида сув таъминоти оғир бўлган 40 дан ортиқ ҳудудларга сув етказиб берилди. Шунингдек, “Камбағалликдан фаровонлик сари” дастурига кўра, 89 та лойиҳа доирасида 857,2 км каналлар, 37  та суғориш қудуғи, 207  та насос агрегати ҳамда 85,5 км босимли қувурларни қуриш ва реконструкция қилиш ишлари бажарилди. Натижада 68 270 та хонадонда истиқомат қиладиган аҳолининг 10,98 минг гектар томорқасида сув таъминоти яхшиланишига эришилди.

Ҳурматли сувчилар!

2026 йилда сув тежовчи технологиялари жорий қилиш, каналларни реконструкция қилиш, гидротехника иншооти ҳамда гидропост таъмирлаш, олинаётган сув миқдорини реал вақт режимида кузатиш имкониятини яратувчи рақамли сув ўлчаш қурилмаларини ўрнатиш борасида режаларимизни белгилаб олдик.

Ишонаманки, сув хўжалигининг барча бўғинидаги ходимлар келгуси йилда ҳам олдимизга қўйилган режаларни бажаришда фидокорона меҳнат қилади.

Сувчилар «Ҳаёт манбаи»га қиёсланадиган энг асосий ва муҳим неъмат бўлган сувни ҳудудларга етказиш иши билан шуғулланади. Ислом динида ва шарқ фалсафасида чанқоқни қондириш, экинларга сув бериш энг катта савоблардан саналади. Шу нуқтаи назардан ҳурматли сувчилар Сиз савобли касб эгаларисиз.

Фурсатдан фойдаланиб, Сизларни ва сизлар орқали бутун халқимизни кириб келаётган Янги йил байрами билан табриклайман ҳамда барча хонадонларга бахт-омад ва мустаҳкам соғлиқ тилайман!

Кириб келаётган 2026 йилда сув мўл бўлишини Яратгандан сўраймиз.

Янги йилингиз муборак бўлсин!

 Қорақалпоғистон Республикаси

Сув хўжалиги вазири                                               Б.Юсупов

 2025 йил 31 декабрь