
Халқимизда сув – зар, сувчи – заргар, деган нақл бор. Мен сўнгги бир йил ичида сувчилар фаолияти билан яқиндан танишиб, образли айтганда “қозонида қайнаб” юрганим учун сувчига заргар таърифи бежиз берилмаганига амин бўлдим…
Ёз фасли. Кундузги қуёш тафти пасайиб, кечқурунги салқин тушгани учун ишхонадамиздаги эшик ва деразаларни очиб қўйганмиз. Рўпарамдаги хонадан (Сув ресурслари, гидрометрия ва диспетчерлик хизмати бўлими хонаси) бўлим бошлиғи Усенбай оғанинг овози эшитилиб турарди. Бу йил сув танқислиги боис насос станциялари агрегатларини белгиланган графиклар асосида ишлашини таъминлаш, ҳудудлардаги каналларда сувни тақсимлаш ишларини самарали ташкил қилиш учун кечаю-кундуз меҳнат қилаётганини биламиз. Ишхонадан бирон сабаб билан кечроқ кетганингизда ҳам, эртароқ келганингизда ҳам Усанбай оға ўз иш столида бир қўлида телефон билан туманлардан маълумот йиғаётган ва олинган рақамларни таққослаб таҳлил қилаётганини кўзингиз тушади.
Бир куни кечки пайт ишхонада анча ушланиб қолдик. Карантин чекловлари кучайтирилган пайтлар эди, Усенбай оға билан бир машинада уйга қайтишга тўғри келди. Унга ўғли телефон қилиб қолди. Уларнинг томорқасига сув етай деганда насос агрегати ўчирилиб, сув келмай қолибди. Шунга ўғли насосни қўшдириб беришини сўради.
Болам, энди насосни қўшса, бизга келаман дегунча яна қанча сув исроф бўлади, қўй, томорқани кейинги сафар суғорайлик, деди Усенбай оға

Шу бир оғиз гапнинг ўзиёқ бу кишининг сувни қанчалик тежаши, сувчилар меҳнатини қанчалик қадрлашини англатиб турибди. Мана шундай инсонлар борлиги учун халқимиз зар қадрини заргар билади, нақлининг узвий давоми сифатида сув қадрини сувчи билади, деган иборани ишлатади.
Усенбай Кдирбаевич ишчанлиги, вазифасига бўлган масъулияти ва касбига бўлган фидойилиги билан кўпчиликка ўрнак бўлиб келмоқда. У сув хўжалиги соҳасидаги кўп йиллик меҳнатлари давомида 20 нафардан ортиқ ёшларга устозлик қилиб, соҳани малакали кадрлар билан таъминлашга ҳам салмоқли улуш қўшиб келмоқда.
Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлигининг Сув ресурслари, гидрометрия ва диспетчерлик хизмати бўлими бошлиғи Усенбай Оразимбетовнинг соҳа ривожига қўшаётган хизматлари юқори баҳоланиб, Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги ходимлари куни муносабати билан “Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги аълочиси” кўкрак нишони билан мукофотланди.

Шунингдек, Қоракалпоғистан Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги «Қуўаныш жарма» ирригация тизими бошқармаси бошлиғи Хамид Реймов, Тахтакўпир тумани ирригация бўлими экскаватор-машинисти Исмайл Мамутов, вазирликнинг Қурилиш ва таъмирлаш ишлари бўйича механизация базаси экскаватор-машинисти Гулимбай Бекниязов ҳам байрам муносабати билан “Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги аълочиси” кўкрак нишони билан тақдирландилар.
|
Ғ.Отажонов, Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги матбуот котиби |