СУВ ТЕЖОВЧИ ТЕХНОЛОГИЯЛАР БЎЙИЧА

кўргазмали семинарлар давом қилмоқда

Айни кунларда Қорақалпоғистон Республикаси туманларида қишлоқ хўжалигида сув тежовчи технологияларни жорий қилишга бағишланган кўргазмали семинарлар ўтказилмоқда.

Элликқалъа туманида ўтказилган кўргазмали семинарда Қорақалпоғистон Республикаси  Қишлоқ хўжалиги вазири А.Якупов,  Cув хўжалиги вазирининг биринчи ўринбосари А.Мамбеткаримов,  туман ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари буйича ўринбосари И.Юнусов, қишлоқ хўжалиги соҳаси бўлим бошлиқлари,  кластер ташкилотлари раҳбарлари, фермерлар ҳамда сув тежовчи технологияларнинг эҳтиёт қисмларини ишлаб чиқарувчи, лойиҳаловчи ва қурувчи корхоналар мутахассислари иштирок этди.

“Гулдурсин” овул фуқаролар йиғини  ҳудудидаги «Гулдурсин парвози» фермер хўжалиги даласида ўтказилган тадбирда сўзга чиққанлар қишлоқ хўжалигида сув тежовчи технологияларни жорий қилишнинг аҳамияти ва бу борада белгиланган вазифалар ҳақида тўхталиб ўтишди. Шунингдек, иштирокчиларга томчилатиб, ёмғирлатиб ва дискрет суғориш технологияларини жорий қилишда бугунги кунда амалга оширилиши лозим бўлган ишлар мутахассислар томонидан атрофлича тушунтирилди ва дала шароитида кўрсатиб берилди.

– Жорий йил 21 гектар майдонда томчилатиб суғориш технологияларини жорий қилмоқчимиз, – дейди «Гулдурсин парвози» фермер хўжалиги раҳбари Ражапбой  Қулиев. –  Бу борада  «Элликқалъамахсуссувпудрат» масъулияти чекланган жамияти билан шартнома туздик.  Бу технологияларни  жорий қилганимиз учун имтиёзли кредит ва давлат томонидан субсидия ажратилгани биз фермерлар учун қўшимча имконият бўлмоқда. Ҳозирги кунда кредит олиш учун банкка ҳужжатлар такдим қилинган ва смета ҳужжатлари тайёрланмоқда. Бу биз учун янгилик албатта. Шу боис туман ирригация бўлими ходимлари билан бамаслаҳат ишларимизни ташкил қилмоқдамиз. Бугунги семинар жараёнида ҳам республика ташкилотлари вакиллари ва олимларнинг сув тежовчи технологиялар бўйича маслаҳатларини олдик.

Элликқалъа туманида жорий йилда 2057 гектарда томчилатиб, 60 гектар ёмғирлатиб, 20 гектар дискрет, 800 гектар майдонда  эгилувчан қувурлар ёрдамида суғориш, жами  2 минг 937 гектар майдонда сув тежовчи технологияларни жорий қилиш режалаштирилган.

Кўргазмали семинарда  2021 йил ҳосили учун экилган ғалла парвариши, қишлоқ хўжалиги экин майдонларини шўр ювишга тайёрлаш, экин майдонларини лазер ускуналари ёрдамида текислаш, баҳорги дала ишларида қатнашадиган қишлоқ ҳўжалиги  техника ва агрегатларини таъмирлаш ишлари ҳам муҳокама қилинди ва бир қатор вазифалар белгилаб берилди.

Бу каби кўргазмали семинарлар Тўрткўл, Беруний, Амударё туманларида ҳам ўтказилди.

 

Ғ.Отажонов,

Қорақалпоғистон Республикаси

Сув хўжалиги вазирлиги матбуот котиби