СУВ ТЕЖОВЧИ ТЕХНОЛОГИЯЛАРНИ ЖОРИЙ ҚИЛИШ

тизимли равишда назоратга олинган

___Шу йилнинг 4 март куни Бош вазир  ўринбосари Ш.М.Ғаниевнинг раислигида ўтказилган видеоселектор йиғилишида берилган топшириқлар ижросини таъминлаш мақсадида Беруний ва Элликқалъа туманларида кўргазмали семинарлар ташкил қилинди.

___Тадбирларда Ўзбекистон Республикаси Сув хўжилиги вазири Ш.Хамраев, Бош прокурор ўринбосари Ш.Рахимов, Қорақалпоғистон Республикаси  Сув хўжалиги вазири Ж.Узақов, Қорақалпоғистон Республикаси прокурор ўринбосари Қ. Бекмуратов, туман ҳокимлари ўринбосарлари, ҳудудий прокуратура, банк раҳбарлари, сув тежовчи технологияларни қурувчи ва ишлаб чиқарувчи ташкилотлар вакиллари, кластер ҳамда фермер хўжаликлари раҳбарлари иштирок қилди.

___Семинарда таъкидланганидек, сув ресурсларидан самарали ва оқилона фойдаланиш бўйича бунақа ислоҳотлар олдин бўлмаган. Олдинлари, сувни исроф қилма, завурга ташлама, каби тарғибот тадбирлари билан чекланилган бўлса, мана энди сув ресурсларидан самарали  фойдаланиш борасида Президент қарори билан стратегия қабул қилинди. Шунингдек, 2020 йил 11 декабрда қабул қилинган “Қишлоқ хўжалигида сувни тежайдиган технологияларни жорий этишни янада жадал ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида барча ишлар тизимли ташкил қилинмоқда.

___Олдинги йилларлардан фарқли ўлароқ, ҳозирда кластер ва фермер хўжаликларига банк кредитлари ва субсидиялар ажратиш, умуман сув тежовчи технологияларни жорий этиш борасидаги барча масалаларда прокуратура ёрдам берувчи, кўмаклашувчи органга айланган. Шунингдек, агарда сув тежовчи технологияларни жорий қилишда қурувчи ёки таъминотчи ташкилотлар томонидан қандайдир ноқонуний ҳаракатлар, ёки ишларни ўз вақтида бажармаслик ҳолатлари аниқланса, прокуратура органлари назорат қилувчи сифатида чора кўрадилар. Бу борадаги ишлар тизимли равишда назоратга олингани, кластер ва фермерларга қурувчи ва таъминотчи ташкилотларни танлаш ва саралаш имкони яратилгани айтилди.  

___Кўргазмали семинарларда  Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги нинг ҳудудий тизим ташкилотларида сув тежовчи технологияларни жорий қилишга кўмаклашувчи сервис гуруҳлари вазифалари, улар фермерларга яқин кўмакчи бўлиши ҳақида ҳам маълумот берилди.

___Тадбир давомида ҳудудларда сув тежовчи технологияларни жорий қилишда сусткашликка йўл қўйилаётган ҳолатларни бартараф қилиш бўйича масъулларга тегишли топшириқлар берилди. Кластер ва фермер хўжаликлари раҳбарлари бу борада ўзларини қизиқтирган саволларига масъуллардан жавоблар олдилар.

Ғ.Отажонов,

Қорақалпоғистон Республикаси

Сув хўжалиги вазирлиги матбуот котиби.