___Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлигида «Сув ўлчаш қурилмалари ва сув ўлчаш воситаларини кафолатли ишлатиш ҳамда гидрометрия хизматини янада яхшилаш» мавзусида ўқув-амалий семинар ўтказилди.

___Семинарда Ирригация ва сув муаммолари илмий-тадқиқот институтининг Қорақалпоғистон филиали директори С.Қурбанбаев, вазирликнинг масъул ходимлари, ҳудудий сув жўжалиги ташкилотларида фаолият юритувчи гидрометр ходимлар иштирок этди.

___– Семинарни юқори савияда ўтказиш ва келгуси ишларимизда яхши натижа бериши учун икки босқичда ўтказишни режалаштириб олдик, дейди Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлигининг бош гидрометри Абу Қидирбаев. – Дастлаб ҳудудий гидрометр ходимларга «Сув ўлчаш қурилмалари ва уларнинг турлари», «Сув ўлчаш қурилмаларининг меъёрий ҳужжатларини расмийлаштириш», «Сув ўлчаш қурилмаларини доимий ишчи ҳолатда сақлаб туриш», «Сув ўлчаш воситаларидан фойдаланиш», «Гидропостларнинг сув сарфи жадвалларига тузатишлар киритиб бориш» каби мавзулар слайдлар орқали кенг тушунтирилди.

___Шунингдек, тадбир иштирокчилари вазирликнинг диспетчерлик хонасида ирригация тармоқларига ўрнатилган «Ақлли сув» қурилмаларининг ахборот узатиши бўйича маълумотлар олишди ва бевосита жараёнлар билан танишдилар.

___Шундан сўнг тадбир иштирокчилари амалий машғулотлар ўташ учун ирригация объектларида бўлишди. Кўргазмаларга мўлжалланган гидропостлар ва бошқа қурилмалар, каналлардаги гидроиншоотларда амалий машғулотлар ўтказилди. Шунингдек, семинар иштирокчилари «Кердер» хўжаликлараро каналида сув ўлчаш, ҳолатни жадвалларга киритиш бўйича амалий машғулотларда иштирок қилди.
Қорақалпоғистон Республикаси
Сув хўжалиги матбуот хизмати.