
____Бундан бир неча кун олдин Нукус шаҳрида баҳорги туризм мавсуми бошланганлиги муносабати билан катта тадбир ўтказилди. Унда Президентимизнинг жорий йил 9 февралдаги «Ўзбекистон Республикасида ички ва зиёрат туризмини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони асосида ички туризмни ривожлантириш ва маҳаллий аҳолини саёҳатларга жалб қилиш борасидаги вазифалар ҳам муҳокама этилган эди.
____Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги томонидан юртимизда ички туризмни ривожлантириш борасида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш ва байрам кунлари ходимларнинг мазмунли дам олишларини ташкил этиш масаласига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, вазирликнинг Касаба уюшмаси байрам арафаларида саёҳат уюштириш бўйича алоҳида режасини ишлаб чиқди. Шунга кўра қорақалпоғистонлик сув хўжалиги тизим ташкилотлари ходимлари Наврўз байрами кунлари кўҳна ва навқирон Самарқандга саёҳат қилдилар.

____Саёҳатнинг биринчи кунида Имом ал-Бухорий мақбарасини зиёрат қилиш режалаштирилган эди. Ҳозирда мазкур ўринда катта қурилиш ишлари амалга оширилаётгани туфайли саёҳатчилар ушбу мақбара яқинидаги махсус тайёрланган ўринларда зиёратни амалга ошириб, улуғ зот – Имом ал-Бухорий ҳақида маълумотлар олдилар.

____Таъкидланганидек, Имом ал-Бухорий умр бўйи ҳадисларни тўплаш ва бир тизимга солиш билан шуғулланганлар, шунингдек, уларни саҳиҳ (тўғри, ишончли) ва ғайри саҳиҳ (хато ёки заиф) га ажратганлар. Бу ишни ҳадис ровийларининг кечирган ҳаётлари, яшаш жойлари, таваллуд ва вафот этган саналари, бир-бирлари қилган ўзаро мулоқотларини ўрганиш билан боғлиқ ҳолда олиб борганлар. Аллома олти юз мингга яқин ҳадис тўплаб, шундан юз минг “саҳиҳ” икки юз минг “ғайри саҳиҳ” ҳадисни ёддан билганлар. Имом ал-Бухорий ўзларининг бундай ноёб қобилият ва қувваи-ҳофизасининг кенг мушоҳадалилиги билан ўз тенгқурлар ва илм аҳлларини ҳайратда қолдирганлар.


____Саёҳатчилар ЮНЕСКОнинг Бутунжаҳон маданий мероси рўйхатига киритилган Мирзо Улуғбек расадхонаси ва музейида ҳам бўлишди.
____-Сизларнинг кўҳна шаҳарга қилган саёҳатингиз улуғ бобокалонимиз таваллуд айёмига тўғри келибди, – дейди олий тоифали гид, таржимон Нурали Усанов. – Оламни ҳайратга солган буюк бобокалонимиз Муҳаммад Тарағай Мирзо Улуғбек 1397 йил 22 март куни таваллуд топган. Улуғ аллома таваллудининг 627 йиллиги нишонланаётган кунда Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги ва унинг тизим ташкилотлари ходимларининг зиёратга келишлари ҳам жуда хайрли тадбир бўлибди.


____Буюк бобомиз Мирзо Улуғбекнинг таваллуди янада хосиятли кунга тўғри келганида ҳам қандайдир илоҳий синоат борга ўхшайди. Яъни, оламни шодликка тўлдирган Наврўз байрами буюк даҳо дунёга келган кунга уланиши ҳайратомуз ҳодисадир. Шундай улуғ кунда зиёратга келган экансиз баҳоли қудрат буюк аллома ва шу ердаги мажмуалар ҳақида тўлиқроқ маълумотлар беришга ҳаракат қиламан. Хуш келибсиз, азиз қорақалпоғистонлик сувчилар!

____Маълумот берилишича, Мирзо Улуғбек томонидан 1428-1429 йилларда Самарқанд шаҳри яқинидаги Кўҳақ тепалигида, Обираҳмат ариғи бўйида бунёд этилган уч қаватли улкан расадхона ва ундаги радиуси 40,2 метрли секстант самодаги минглаб юлдузлар ҳаракатини кузатиш имконини берган. Шунингдек, коинот илмига доир бир қатор математик рақамлар аниқ баён этилгани билан дунё ҳамжамиятига яхши маълум.

____2010 йилда Мирзо Улуғбек расадхонаси ҳудудига кенг кўламли қурилиш-бунёдкорлик ишлари амалга оширилди. Музейнинг эски кўримсиз биноси ўрнида замонавий лойиҳа асосида расадхонанинг қадимий кўринишини эслатадиган янги бино қурилди. Музей ва расадхона ташқи девор қисми мозаика ҳамда майолика билан безатилди. Музейга кирадиган икки томонлама зиналар гранитдан ишланди. Зинапоя четига ўрнатилган замонавий, кўркам панжараларнинг узунлиги 208 метрни ташкил этади.

____Қорақалпоғистонлик саёҳатчилар Самарқанддаги энг мўътабар ва машҳур зиёратгоҳлардан ҳисобланган “Хўжа Дониёр” мақбарасини ҳам зиёрат қилдилар. ____Маълумотларга кўра, Дониёр, Даниил, Даниел – мусулмон, насроний ва яҳудий адабиётларидаги азиз авлиёнинг номидир.

____Дониёр Қуддусда эрамиздан аввалги 603 йилда туғилган бўлиб, шоҳ Довуд ва Сулаймон (Соломон)ларнинг авлодига мансубдир.
____Ривоятларга кўра, Амир Темур ўзининг (1397-1404 йиллар) Кичик Осиёга етти йиллик юриши вақтида Суза шаҳридаги авлиё Дониёрнинг табаррук қўнимгоҳидан бир қисм хокини ўрнатилган тартиб-қоидалар талабини амалга ошириб, Самарқандга олиб келган.

____Мақбарада дунёдаги энг узун – 18 метрлик қабр мавжуд. Мақбара биноси XX аср бошларида қурилган. Шунга қадар бу ерда Хўжа Дониёрнинг қабри ва масжид бўлганлиги ҳақидаги маълумотлар бор.

____Саёҳатчилар Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президенти И.А.Каримов, «Регистон майдони» ва «Гўри амир» мақбараларини зиёрат қилишди ҳамда шаҳарнинг диққатга сазовор жойларига ташриф буюрдилар.

Ғайрат Отажонов,
Қорақалпоғистон Республикаси
Сув хўжалиги вазирлиги Матбуот хизмати раҳбари.