Нукусдаги «Тоза шаҳар» ободонлаштириш тадбирида сувчилар ҳам фаол иштирок қилди

___Нукус шаҳрида «Тоза шаҳар» лойиҳаси асосида ўтказилган оммавий кўкаламзорлаштириш ва ободонлаштириш тадбирларида Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги ва унинг тизим ташкилотлари ходимлари ҳам фаол иштирок қилди.

___Тадбирга эрталаб Нукус шаҳридаги Ёшлар маркази биноси олдида старт берилди. Унда сўз олганлар Президентимизнинг Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномасида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш, хусусан атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва экологик ҳолатни яхшилаш мақсадида “Янги Ўзбекистонда эркин ва фаровон яшайлик!” шиори остида ушбу тадбир ўтаётганлиги ва унда барча вазирлик ва корхона ташкилотлар, айниқса ёшлар фаол иштирок қилиш ташаббуси билан чиқаётгани алоҳида эътироф қилинди.

___– «Тоза шаҳар» лойиҳаси доирасидаги ободонлаштириш тадбирига барча тизим ташкилотлари ўзларининг ҳиссаларини қўшмоқда, – дейди Қорақалпоғистон Республикаси сув хўжалиги вазирлигининг Транспорт ва механизация бўлими бошлиғи С.Сержанов. –  Ушбу тадбирга бир неча кун олдин тайёргарлик кўриб, ҳудудлардан манзарали ва мевали дарахт кўчатларини олиб келдик. Тадбир доирасида «Дўстлик» канали бўйида махсус ажратилган майдон ва вазирлик маъмурий биноси атрофига юздан ортиқ кўчатлар экилди. Иштирокчиларга тушлик пайти иссиқ овқат ташкил қилинди. Шунингдек, тадбир якуни билан бўлиб ўтган концерт дастурига ҳам ҳашар иштирокчилари таклиф қилинди.

___Тадбир доирасида  вазирликлар, корхона, ташкилот ва муассасалардан 3 мингга яқин ташаббускорлар «Дўстлик» канали бўйидаги ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишларида иштирок қилмоқдалар. Ободонлаштириш тадбири доирасида ҳудудларда тўпланган чиқиндиларни махсус ўринларга чиқариб ташлаш учун «Тоза ҳудуд» ДУК томонида 60 та махсус автотранспортлар жалб қилинди.

___Бир гуруҳ ёшлар томонидан «Қушларга ғамхўрлик қиламиз» шиори билан уялар ясалиб дарахтларга жойлаб чиқилди. Бу лойиҳа доирасида табиатга кўрсатилаётган ғамхўрликнинг яна бир ифодаси бўлди.

___«Тоза шаҳар» акцияси якунида “Энг фаол маҳалла фуқаролар йиғини”, «Энг фаол ёшлар отряди», «Энг фаол ташкилот» номинациялари бўйича ғолиблар аниқланиб, ташкилотчилар томонидан рағбатлантирилди. Тадбир якунида санъат усталари ва ёш ижрочиларнинг гала-концерти бўлиб ўтди.

Ғ.Отажонов,

Қорақалпоғистон Республикаси

Сув хўжалиги вазирлиги матбуот котиби