
___Маълумотларга кўра, 2000 йилларга қадар ҳар 6-8 йил ичида сув тақчиллиги кузатилган бўлса, охирги вақтларда бу ҳолатга ҳар 3-4 йилда дуч келинмоқда. Мамлакатимизда мавжуд сув ресурсларидан самарали фойдаланиш бўйича муҳим чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
___Шу йилнинг 10 май куни Kun.uz сайтининг “Қорақалпоғистон хабарлари” телеграм каналида “Нукусдаги «Қизкеткен» канали туби кўриниб қолди” сарлавҳаси остидаги фотолавҳада Нукусдаги «Дўстлик» каналидаги сув камайиб кетганлиги айтилади. Шу билан бирга бошқа ижтимоий тармоқларида ушбу каналдан “Қуўанышжарма” канали орқали сув билан таъминланадиган Қораўзак туманидаги “Есимўзак” каналида ҳам сув йўқлиги ёритилмоқда.
___Йил бошидаги дастлабки маълумотларга кўра, жорий йил суғориш даврида сув танқислиги кузатилиши прогноз қилинган эди. Бу борада Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 10 апрелдаги 199-сонли қарори қабул қилиниб, унда 2021 йилда кутилаётган сув танқислигининг салбий таъсирини юмшатиш, иқтисодиёт тармоқларини сув билан барқарор таъминлаш, мавжуд сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш борасида вазифалар белгиланди.
___Ушбу вазифалардан келиб чиқиб, сув танқислигининг салбий таъсирини юмшатиш ҳамда мавжуд сув ресурсларидан оқилона ва самарали фойдаланиш мақсадида,сувни тақсимлаш графиги ишлаб чиқилган. Ушбу график асосида туманларга ва магистрал каналларга навбатма-навбат сув етказилиши таъминланмоқда.
___Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши томонидан жорий йилнинг 30 апрелида тасдиқланган график бўйича “Дўстлик” магистрал каналига 10 м3/с сув миқдори ўрнатилган. Лекин, Амударёдаги сув миқдори ва “Тахиатош” гидроузелига етказиб берилган сув ҳажмига қараб каналларга тақсимланадиган сув миқдори ҳам ўзгариши мумкинлиги ушбу графикда келтирилган изоҳда айтиб ўтилган. Бугунги кунда “Тахиатош” гидроузелига етказиб берилаётган сув миқдори 35 м3/с бўлганлиги сабабли каналларга тақсимланган сув ҳажми ҳам нисбатан камайган.
___Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 19 мартдаги 82-сон қарори билан тасдиқланган Низомда сув олиш лимитларининг қуйидаги тартибдаги устуворлиги белгиланган. Унга кўра ичимлик, даволаниш ва коммунал-маиший хўжалик учун; саноат учун;қишлоқ хўжалиги учун; санитария ва табиат муҳофазаси мақсадларида сув чиқариш назарда тутилган.
___Шунга асосан, “Тахиатош” гидроузели олдидаги сувдан “Тахиатош” иссиқлик электр станциясига техник сув етказиб бериш учун ҳамда Нукус шаҳри аҳолисини ичимлик суви билан таъминлаш мақсадида “Дўстлик” каналига ва графикда кўрсатилган каналларга мавжуд сув миқдорларитақсимлаб берилмоқда.
___Қорақалпоғистон Республикасининг сув таъминоти бевосита “Туямўйин” сув омборидан чиқаётган сув миқдори билан боғлиқ. Ҳозирда “Туямўйин” сув омборига келиб турган сув миқдори кун сайин кўпайиши кузатилмоқда. Шу сабабли кутилаётган сув миқдори бўйича 2021 йил 8 май куни Туркманистон Республикаси Ташховуз вилояти, Ўзбекистон Республикаси Хоразм вилояти ва Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги масъуллари иштирокида техник кенгаш ўтказилиб, «Туямўйин» сув омборидан чиқариладиган сувнинг ҳисоб-китоблари ишлаб чиқилди.
___Техник кенгашнинг йиғилиш баёнида 9 май санасида дарёга 250 м3/ссув миқдори чиқарилаётган бўлса, 12 май куни бу 950 м3/с гача етиши кўрсатилган. Натижада “Тахиатош” гидроузели олдига 16 май куни 350 м3/с. сув миқдори келиши кутилмоқда. Амударёга ташланаётган сув миқдорларининг кўпайиши 12 майдан “Тахиатош” гидроузели етказиб бериладиган сув миқдорига таъсир қила бошлайди ва шунга қараб тақсимланади. Кўпайган сув миқдорлари 15 майдан бошлаб, янги график асосида каналларга бериб борилади.
___Шунингдек, 11 май куни “Дўстлик” каналида сув миқдорининг камлиги билан боғлиқ масала юзасидан “Қорақалпоғистон хабарлари” телеграм каналида “Нукусдаги «Қизкетген» каналига калла ташлаган болалар нега ўлган?”сарлавҳали материал берилди.
___Маълумотларга кўра лавҳада акс этган ҳудудда олдин эски кўприк ва канални кесиб ўтган бир неча коммуникация тармоқлари бўлган. Каналда реконструкция ишлари олиб борилган пайтда юза қисмида кўриниб турган бу каби жисмлар олиб ташланган. Каналнинг шаҳар ичидан оқиб ўтувчи қисмида реконструкция ишлари олиб борилгандан кейин сув оқими тезлиги ошиши натижасида канал туби ювилиб, пастдаги эски кўприкдан қолган жисмлар кўриниб қолган.
___Қоидага кўра суғориш тармоқларида чўмилиш ва гидротехник иншоотлар, шу жумладан, кўприклардан сувга сакраш қатъиян ман этилади.Лекин, айрим ота-оналар болаларига буни тўғри тушунтира олмаганлиги, ҳатто баъзи катта ёшдаги инсонлар ҳамбу қоидаларга амал қилмаслиги натижасида кўнгилсиз ҳолатлар юз бериши кузатилади.
___Олдинги материалда ҳолатни батафсил ўрганаётгани айтилган ҳурматли мухбир кўтариб чиққан мавзу ҳақиқатан долзарб. Лекин, “…каналга калла ташлаган бола нега ўлган”, дея сарлавҳа қўйгандан кўра, агар позитив фикри ўқувчилари сонига салбий таъсир қилиб қолишидан чўчимаса, аслида каналга калла ташлаш мумкин эмаслигини ҳам қисқача келтириб ўтса мақсадга мувофиқ бўлар эди. Зеро, ёритаётган материалида одамларга фойдаси тегадиган, халқимиз равнақи учун хизмат қиладиган маълумотлар бўлишини таъминлаш журналистнинг касбий бурчи ҳисобланадику!
Қорақалпоғистон Республикаси
Сув хўжалиги вазирлиги
Матбуот хизмати