Қорақалпоғистонда илк бор ер остидан томчилатиб суғориш технологияси жорий қилинмоқда

___Сўнгги йилларда кузатилаётган сув танқислиги мавжуд сув ресурсларидан тежаб-тергаб фойдаланиш, бунда илғор технологияларни жорий этиш заруратини юзага келтирмоқда.  Айниқса, Амударёнинг энг қуйи қисмида жойлашган Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудларида кейинги йиллардаги сув танқислиги қишлоқ хўжалиги экинларини етиштирига жиддий таъсир кўрсатмоқда.

___Бугунги кунда Президентимизнинг алоҳида қарорлари асосида Оролбўйи ҳудудларида сув тежовчи технологияларни кенг жорий қилиш бўйича муҳим-чора тадбирлар амалга оширилмоқда. Бу борада олимлар ҳам Қорақалпоғистон шароитида сув тежовчи технологияларнинг қайси усулларини қўллаш устида илмий изаланишлар олиб бормоқдалар.

___Жорий йилда Қорақалпоғистон Республикасида илк бор ер остидан томчилатиб суғориш технологияси синовдан ўтказилади. Янги технология Хўжайли туманидаги 11 гектарлик тажриба-синов майдонида жорий қилинмоқда. Жарёнлар Тошкент давлат аграр университети Нукус филиали проффессор-ўқитувчилари ва шу йўналишда илмий изланишлар олиб бораётган магистрлар иштирокида олиб борилмоқда. Илмий ходимлар ушбу сув тежовчи технологиянинг Оролбўйи ҳудудларида самарадорлигини ўрганиб, илмий хулосалар бериш ва тавсиялар ишлаб чиқиши  назарда тутилган.

___– Бу технология учун кенг қўлланадиган шланглар олдин четдан келтирилар эди, дейди “Эко сув” масъулияти чекланган жамияти иш бошқарувчиси Абдуқодир Каримов. – Эндиликда ушбу маҳсулотларни ўзимизда ишлаб чиқаришни йўлга қўйганмиз. Бунинг деҳқон-фермерларимиз учун энг қулай томони нархининг арзонлигида, четдан кириб келгани 1 гектарига 100 миллион бўлса, бизни маҳсулот 71 миллионга тушаяпти. Лекин бу сифатига таъсир қилмайди, бизнинг хомашёмиз арзонлиги, яъни эски автошиналардан ушбу шлангларни ишлаб чиқаришни йўлга қўйганмиз маҳсулотимиз арзон бўлишини таъминлаяпти.  Шу билан бирга шартнома тузган ҳудудларга биз ўзимиз бориб ушбу технологияни ўрнатиб берамиз.  Мана Қорақалпоғистонга илк бор ушбу технологияни олиб келдик. Туман ҳокимлиги тажриба учун  майдон ажратиб берди ва биз технологияни ўрнатаяпмиз.  

___Мутахассисларнинг таъкидлашича, бу технология ўрнатилган ер майнодлари чуқур шудгор қилинмайди. Қорақалпоғистоннинг тупроқ шароитидан келиб чиқиб, куз-қиш мавсумида одатдагидек, шўр ювиш тадбирларини амалга ошириш мумкин.

___Маълумотларга қараганда, лазер ускунаси ёрдамида текисланган далага ўрнатилган ушбу технология, яъни ер осидаги шланглардан 25-30 йилгача фойдаланиш мумкин экан. Шланглар 40 сантиметр ер остига ётқизилади ва марказий тизимга уланади. Махсус ҳовузларда тиндирилган сув филтирлардан ўтказилиб, марказий тизим орқали ўсимликлар илдизигача юборилади. Натижада намлик тупроққа 40 сантиметргача ёйилади ва минерал ўғитлар ҳам шу тариқа берилади. Бу технология анъанавий суғориш усулига нисбатан 2,5 баробар ҳажмда сувни тежаш имкониятини яратади. Шунингдек, анъанавий усулга нисбатан минерал ўғитларга 4 баробар кам маблағ сарфлаб юқори ҳосил олишга эришиш мумкин.

___Эътиборлиси,  мамлакатимизнинг бошқа минтақаларида олимларнинг 4-5 йиллик илмий изланишлари асосида берилган хулосаларида ушбу усул самарали деб топилган. Агарда, Қорақалпоғистондаги синов натижалари ҳам ижобий деб топилса, бу каби тежамкор технологиялар кенг қўлланиши натижасида кам сув билан кўп ҳосил олиш имконияти янада оширилади.

Ғайрат Отажонов,

Қорақалпоғистон Республикаси

Сув хўжалиги вазирлиги матбуот котиби