СУВ ТЕЖОВЧИ ТЕХНОЛОГИЯ ЖОРИЙ ҚИЛИНГАН ДАЛАЛАРДА

кўргазмали ўқув-семинарлар бўлиб ўтмоқда

___Маълумки, Президентимизнинг 2020 йил 11 декабрдаги (ПҚ-4919-сонли) тегишли қарори асосида республикамизда қишлоқ хўжалиги экинлари, хусусан пахта етиштириладиган далаларида сув тежовчи технологияларни жорий қилишни ўтган йилга нисбатан беш баробарга кўпайтириш вазифаси белгиланган эди.

___Айни кунларда Қорақалпоғистон Республикаси туманларида кластер ва фермер хўжаликлари далаларида ўрнатилган сув тежовчи технологиялар ишга қўшилиб, пахта далаларида дастлабки суғориш тадбирлари амалга оширилмоқда.

___Бу жараёнлар билан яқиндан танишиш ва ҳудудлардаги мутахассислар малакасини ошириш мақсадида шу йилнинг 28 июндан 9 июлига қадар сув тежовчи технологиялар жорий қилинган далаларда кўргазмали ўқув-семинарлар ташкил қилиш режалаштирилган. Тадбирда сув тежовчи суғориш технологиясининг афзалликлари, уларнинг имкониятлари, талаб этиладиган ресурсларнинг иқтисод қилиниши ҳақида мутахассислар маслаҳатлари берилади ва амалиётда кўрсатилади.

___Дастлабки ўқув-семинарлар Тўрткўл туманидаги «Калтаминор олтин ўлкаси» ҳамда Амударё туманидаги “Ражабов Аманбай” фермер хўжалиги далаларида ўтказилди.

___Албатта, вазифа катта ва жорий қилинадиган технология ҳам янгидир, – дейди Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлигининг бош гидрометри Абу Қидирбаев. – Бу ўз навбатида, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирувчиларнинг сув тежовчи суғориш технологияларини жорий этиш, улардан фойдаланиш ва техник хизмат кўрсатиш бўйича билим ва кўникмаларини оширишни талаб қилади. Шу боис жорий йилнинг 26 апрелдан 11 июнь кунлари оралиғида Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги ҳамда Швейцария тараққиёт ва ҳамкорлик агентлиги томонидан молиялаштирилаётган Ўзбекистонда сув ресурсларини бошқариш миллий лойиҳаси билан биргаликда онлайн ўқув курслари ўтказилиб, ушбу ўқув курсида сув хўжалиги тизим ташкилотларидаги мутахассислар сув тежовчи суғориш технологияларини жорий қилиш бўйича малакаларини оширган эдилар. Бу галги ўқув-семинарлари бевосита дала шароитида амалиёт билан боғланган ҳолда бўлиб ўтмоқда.

___Швейцария ҳамкорлик  агентлиги  томонидан  амалга  оширилаётган  “Ўзбекистонда  сув ресурсларини бошқариш лойиҳаси” кўмагида ташкил этилаётган мазкур тадбирлардан кўзланган мақсад республикамизда сув  тежовчи суғориш  технологияларини  кенг  жорий  қилишга  амалий  кўмаклашишдан иборат.

___Тадбирларда туман  ирригация бўлимлари,  ҳокимларнинг  тегишли мутахассислари,  фермерлар  ва  томорқа ер эгалари  туман  кенгаши  мутахассислари, туманлар  сув  истеъмолчилари  уюшмалари  мутахассислари,  кластер  ва фермер  хўжаликлари  раҳбарлари  ҳамда  қурувчи  корхоналар  вакиллари иштирок қилмоқдалар. Ўқув-семинарлари 9 июлгача  белгиланган график асосида барча туманларда ўтказилади.

Ғайрат Отажонов,

Қорақалпоғистон Республикаси

Сув хўжалиги вазирлиги матбуот котиби