СУВЧИЛАРГА БАЙРАМ ТАБРИГИ

___Қорақалпоғистон Республикасида ҳам шукроналик, саховат ва меҳр-оқибат айёми – муборак Қурбон ҳайити карантин талабларига амал қилган ҳолда нишонланмоқда.

___Халқимизни ва сув хўжалиги соҳасида фаолият юритаётган барча ходимларни, уларнинг яқинлари ва оила аъзоларини муборак Қурбон ҳайити байрами билан табриклаймиз.

___Қурбон ҳайитининг маънавий ҳаётимизда олижаноб фазилатларни, бағрикенглик, мурувват, дўстлик ва ҳамжиҳатлик каби эзгу қадриятларни мустаҳкамлаш борасидаги ўрни ва аҳамияти беқиёсдир.

___Соҳа ходимларига маълумки, Қорақалпоғистон шароитида экин майдонларига сув етказишнинг ўзига яраша қийинчиликлари бор. Юртимизда ўтган йилдан бошланган пандемия даврида ҳам қийинчиликлардан чўчимай, эҳтиёт чораларини тўлиқ кўрган ҳолда ўз вазифасини сидқидилдан адо этаётган сувчиларимиз меҳнатларини ҳар қанча эътироф қилсак арзийди. Деҳқонларимизнинг мўл ҳосил олишида, бозорларимиз ва дастурхонларимиз тўкинлигида, албатта, сувчиларнинг ҳам муносиб ҳиссаси бор.

___Бу йилги Қурбон ҳайити байрами айни вегетация мавсумининг иш қизиган маҳалига тўғри келди. Қорақалпоғистонлик сувчилар ушбу қутлуғ кунларда ҳайит айёмини муносиб нишонлаш билан бирга қишлоқ хўжалиги экинларига узлуксиз сув етказиб беришдек, масъулиятли ишларини давом эттираётганидан мамнунмиз. Барча сувчиларнинг бу савобли ишларида мустаҳкам соғлик, оилаларига қут-барака тилаймиз.

___Барчангизни муборак Қурбон ҳайити билан яна бир бор чин қалбимиздан самимий муборакбод этамиз. 

___Дуогўй кексаларимизнинг мана шундай фазилатли дамларда элу юртимиз ҳақига қилган эзгу ният ва тилаклари ижобат бўлсин! 

 

Қорақалпоғистон Республикаси

Сув хўжалиги вазирлиги