Кўчатларни шунчаки экиш эмас,

боғлардан ҳосил олиш, сувчилар даромадини ошириш мақсад қилинган

___Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Қорақалпоғистон насос станциялари ва энергетика бошқармаси ходимлари ҳам «Зарбдор 40 кунлик” тадбирида фаол иштирок қилмоқдалар. Бошқарма ходимлари Хўжайли туманидаги “Сувчилар боғи”нинг очиқ майдонлари ва атрофига янги мевали ва манзарали дарахт кўчатларини ўтқазмоқдалар.

___– “Яшил макон” лойиҳаси доирасида бошланган кенг кўламли тадбирлар туфайли бизнинг боғимиз ҳам янгиланмоқда,  дейди Қорақалпоғистон насос станциялари ва энергетика бошқармаси бошлиғи Кенес  Сарибаев. – Мана ўн  кундан ошдики, боғда иш қизғин. Мевели дарахтлар оралари бегона ўтлардан тозаланиб, эски қуриган дарахтлар ўрнига янги кўчатлар ўтқазилмоқда. “Сувчилар боғи” атрофлари ободанлаштирилиб,  1000 тупдан ошиқ мевали  ва 8 минг туп манзарали дарахт кўчатлари экилиши режалаштирилди.

___Лойиҳа доирасида Бошқарманинг насос станциялари атрофидаги мавжуд ерларга экиладиган кўчат турлари аниқланиб, кўчат экиш бўйича чора-тадбирлар режаси тасдиқланди.

___Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги томонидан тасдиқланган режага кўра, жорий мавсумда мазкур бошқарманинг ҳудудий насос станциялари 774 мингдан ортиқроқ мевали ва манзарали дарахт кўчатларини экиш белгиланган.

___Ҳозирда кўчатларни шунчаки экиш эмас, келгусида мевали кўчатларни  парваришлаб, ушбу боғлардан ҳосил олиш, сувчилар даромадини ошириш мақсад қилинган. Насос станциялар атрофларидаги ҳимоя ер майдонларининг кўчат экиш мумкин бўлган қисмига мевали, манзарали, тут, терак ва бошқа кўчатлар экиш ишлари изчил давом эттирилмоқда.

 

Қорақалпоғистон Республикаси

Сув хўжалиги вазирлиги

Матбуот хизмати