ТОМОРҚАЛАРГА СУВ ЕТИБ БОРДИ МУРОЖААТ ИЖОБИЙ ҲАЛ ҚИЛИНДИ

Қорақалпоғистон Республикаси Элликқалъа тумани Тупроққалъа МФЙда яшовчи фуқаролар ижтимоий тармоқ орқали мурожаат қилиб, ҳудудда экинларни суғориш учун сув йўқлиги тўғрисида эътирозларини билдирган эди.

Ушбу мурожаатга асосан Қорақалпоғистон Республикаси сув хўжалиги вазирлиги, Элликқалъа тумани ҳокимлиги, туман ирригация бўлими мутахассислари ва Тупроққалъа МФЙ вакилларидан иборат ишчи гуруҳи жойига бориб муаммони ўрганишди.

Бу йил сув танқис бўлишига қарамасдан Қорақалпоғистон Республикаси, жумладан, Элликқалъа туманида ҳам қишлоқ хўжалик экинлари ва аҳоли томорқаларини сув билан таъминлаш учун барча чоралар кўрилмоқда. Ҳудудларда сувни навбати билан бериш жадваллари тасдиқланган бўлиб, шу асосда суғориш ишлари ташкил қилиняпти. Хусусан, Тупроққалъа МФЙ ҳудудини сув билан таъминловчи ЭТ-3 каналига 2020 йил 5-8 июль кунлари сув берилиб, аҳоли томорқалари суғорилган.

Ишчи гуруҳи ижтимоий тармоқлар орқали мурожаат қилган фуқаролар билан учрашди, сув танқислиги сабабли навбатма-навбат суғориш жорий қилинганлиги ҳамда шу асосда Тупроққалъа МФЙга ҳам сув берилиши тушунтирилди. 2020 йил 27 июль куни Тупроққалъа МФЙ ҳудудида яшовчи аҳоли томорқаларига тўлиқ сув етказиб берилди.

Мурожаатда ЭТ-3 каналига сув берилган вақтда оқим билан турли чиқиндилар келиб, тўпланиб қолиши ҳақида эътироз билдирилган эди. Айни пайтда туман ирригация бўлими томонидан 1 дона экскаватор жалб қилиниб, канални қазиш ва тозалаш ишлари олиб бориляпти.

Мулоқот чоғида аҳолига каналларга чиқиндиларни ташламаслик, сувни исроф қилмаслик, сув танқис шароитда ундан самарали фойдаланиш зарурлиги тушунтирилди.

Аҳоли мурожаатида ҳудудга сувни Беруний туманидаги каналдан олиш таклифи билдирилган. Мазкур канал Беруний туманининг энг чеккасида эканлиги, у бир неча овул фуқаролар йиғини ҳудудидан ўтганлиги сабабли ушбу каналдан Тупроққалъа МФЙга сув олиш имконияти йўқ.

Мурожааатда аҳоли канални ўз ҳисобидан тозалагани айтиб ўтилган. Ўрганиш чоғида аҳолидан пул йиғилиб канал тозаланганлиги ҳақидаги маълумот тасдиқланмади.

ЭТ-3 каналининг бошланишидан 4 километр қисми 2019 йил март-апрель ойларида туман ирригация бўлими томонидан қазиб тозаланган. Жорий йил февраль ойида яна 2,8 километр қисми тозаланган.

Айни пайтда сув танқислиги шароитида суғориш навбати билан амалга оширилаётгани ҳақида аҳоли орасида тарғибот ва тушунтириш ишлари давом эттирилмоқда.

 

Ғ.Отажонов,

Қорақалпоғистон Республикаси

Сув хўжалиги вазирлиги матбуот котиби