Келгусида амалга ошириладиган лойиҳалар тақдимоти ўтказилди

___Жаҳон банки делегацияси вакиллари “Бўстон” каналида Жаҳон банки иштирокидаги лойиҳа асосида қурилиб, яқинда фойдаланишга топширилган йирик гидротехник сув тақсимловчи иншоот ва каналда амалга оширилган ишларни бориб кўрди.

___Шу ерда сув хўжалиги вазирлиги ва тизим ташкилотлари объектларида келгуси 5 йилда амалга оширилиши режалаштирилган лойиҳалар тақдимоти бўлиб ўтди.

___-Делегация ташрифидан асосий мақсад, Жаҳон банки иштирокида амалга оширилаётган лойиҳаларни жойига бориб ўрганиш ҳамда 2022-2026 йилларда Ўзбекистон билан ҳамкорликни янада кенгайтириш бўйича ўзининг стратегиясини ишлаб чиқишдан иборат, – дейди Сув хўжалигида хорижий инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш маркази раҳбари Бахтиёр Камолов. – Мана бугун Жаҳон банки делегациясини “Жанубий Қорақалпоғистонда сув ресурсларини бошқаришни яхшилаш” лойиҳаси доирасида амалга оширилаётган ишлар билан таништирмоқдамиз. Ушбу лойиҳалар асосида Жаҳон банки иштирокида асосий ва иккиламчи каналларни реконструкция, модернизация қилиш, ер майдонларини лазерли ускуна ёрдамида текислаш,  қишлоқ хўжалиги экинларининг ҳосилдорлигини ошириш мақсадида бир қатор тадбирларни амалга оширишдан иборат.

___Тадбир давомида Сув хўжалиги вазирлигининг келгусида амалга ошириладиган лойиҳалари бўйича ҳам тақдимотлар қилдик. Ушбу тақдимотлар орқали келгуси 5 йилда Жаҳон банки билан камида 600 миллион доллар миқдордаги маблағларни жалб қилиш ҳамда сув ресурсларини бошқаришни янада яхшилаш, такомиллаштириш бўйича музокараларни давом қилдирмоқдамиз.

Қорақалпоғистон Республикаси

Сув хўжалиги вазирлиги

матбуот хизмати