Вазирликнинг вазифа ва функциялари
1. Вазирликнинг асосий вазифалари қуйидагилардан иборат:
1) сув ресурсларини бошқариш соҳасида ягона сиёсатни амалга ошириш, шунингдек, сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш ва уларни муҳофаза қилиш, сувларнинг зарарли таъсирини олдини олиш ва тугатиш соҳасида давлат органлари, хўжалик бошқаруви органлари ва бошқа ташкилотлар фаолиятини мувофиқлаштириш;
2) ҳудудларни ва иқтисодиёт тармоқларини сув ресурслари билан барқарор ва оқилона таъминлаш, ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш ва барқарорлигини таъминлаш чораларини кўриш;
3) ирригация ва мелиорация тизимлари, сув омборлари, насос станциялари ва бошқа сув хўжалиги ва гидротехника иншоотларининг ишончли ишлашини таъминлаш, йирик ва алоҳида муҳим сув хўжалиги объектларини муҳофаза қилишни ташкил этиш;
4) сувдан фойдаланувчилар ва сув истеъмолчиларининг сув ресурсларидан эҳтиётлаб ва оқилона фойдаланиш учун жавобгарлигини кучайтириш, сувдан фойдаланиш маданияти даражасини ошириш;
5) сув хўжалиги соҳасига илм-фан ютуқларини, сувни тежовчи замонавий технологиялар ва илғор тажрибаларни, сув хўжалиги ва сувдан фойдаланиш тизимини бошқаришнинг инновацион усулларини жорий қилиш;
6) сув хўжалиги соҳасидаги мутахассисларнинг малакасини ошириш тизимини ташкил этиш, сув хўжалиги ташкилотлари билан таълим ва илмий муассасалар ўртасидаги интеграцияни мустаҳкамлаш, илм-фан ютуқларини амалиётга жорий этиш чораларни кўриш;
7) трансчегаравий сув ресурсларини бошқариш ва улардан фойдаланиш бўйича давлатлараро муносабатларни ривожлантириш, чет эл инвестициялари ва техник кўмак маблағлари (грантлар)ни жалб қилиш, шунингдек, сув хўжалиги соҳасидаги халқаро ташкилотларнинг фаолиятида фаол иштирок этиш.
2. Вазирлик ўзига юкланган вазифаларга мувофиқ қуйидаги функцияларни амалга оширади:
а) сув ресурсларини бошқариш бўйича ягона сиёсатни амалга ошириш, шунингдек, сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш ва уларни муҳофаза қилиш, сувларнинг зарарли таъсирини олдини олиш ва тугатиш соҳасида давлат органлари, хўжалик бошқаруви органлари ва бошқа ташкилотлар фаолиятини мувофиқлаштириш соҳасида:
сув хўжалиги ва ирригацияни ривожлантириш, суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш бўйича тармоқ ва минтақавий дастурларни ишлаб чиқади;
глобал иқлим ўзгариши ва Орол денгизи қуришининг аҳоли ҳаёти ва фаолияти ривожланишига салбий таъсирини камайтириш бўйича комплекс чора-тадбирларни ишлаб чиқишда иштирок этади;
сув ресурсларидан фойдаланишни ҳисобга олиш ва давлат сув кадастрини юритишни ташкил қилади;
сувдан фойдаланувчилар ва сув истеъмолчилари, шунингдек, иқтисодиётнинг барча тармоқларида (коммунал соҳадан ташқари) сув ресурсларидан фойдаланиш бўйича маълумотлар базасини яратади;
сув истеъмолчилари уюшмалари ва бошқа бирлашмаларини тузиш ва уларни ривожлантиришда, шунингдек, улар хизмат кўрсатадиган зонада сув ресурсларини бошқариш ва ҳисобга олишда услубий ва амалий ёрдам кўрсатади;
сувдан фойдаланувчилар ва сув истеъмолчилари ўртасида ўзаро иқтисодий муносабатларни такомиллаштириш бўйича чора-тадбирлар комплексини ишлаб чиқиш ва амалга оширишда иштирок этади;
тегишли давлат бошқаруви органлари ва жойлардаги давлат ҳокимияти органлари билан биргаликда сув ресурсларини бошқариш, сувларнинг зарарли таъсирини олдини олиш ва тугатиш бўйича чора-тадбирлар комплексини ишлаб чиқиш ва амалга оширишда иштирок этади;
Ирригация ва дренаж миллий қўмитасининг самарали фаолиятини таъминлайди;
давлат сиёсатининг сув хўжалиги соҳасидаги асосий йўналишлари, уларни амалга оширишнинг стратегия ва механизмлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритади;
б) ҳудудларни ва иқтисодиёт тармоқларини сув ресурслари билан барқарор ва оқилона таъминлаш, ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш ва барқарорлигини таъминлаш чораларини кўриш соҳасида:
сув ресурсларининг интеграциялашган бошқариш режаларини, улардан комплекс фойдаланиш, мелиорация ва сув хўжалигини ривожлантиришнинг истиқболли схемаларини ишлаб чиқиш ва амалга оширишни таъминлайди;
мамлакат сув хавфсизлигини таъминлаш ҳамда сув ресурсларини самарали бошқариш ва фойдаланишни таъминлаш бўйича қисқа, ўрта ва узоқ муддатларга мўлжалланган комплекс тадбирларни ишлаб чиқиш ва амалга оширишни ташкил қилади;
сув ресурсларининг ҳавза тамойили ва бутун вертикал бўйлаб самарали бошқариш асосида ҳудудлар ва иқтисодиёт тармоқларини сув билан ишончли ва барқарор таъминлашни амалга оширади;
сув ресурслари прогнозларини комплекс таҳлил қилади ва сув ресурслари балансларини ишлаб чиқади, сув манбалари, ҳавза ирригация тизимлари, иқтисодиёт тармоқлари, ҳудудлар, сувдан фойдаланувчилар ва сув истеъмолчилари бўйича, ер ости сувлари бўйича эса геология ва минерал ресурслар органлари билан келишилган ҳолда сув олиш лимитларини белгилайди;
сув олиш лимитлари асосида сувдан фойдаланиш ва сув истеъмоли тартибининг амалда қўлланилишини таъминлайди;
сунъий сув объектлари сувидан махсус фойдаланиш ва сувни махсус истеъмол қилиш учун белгиланган тартибда рухсатномалар беради ва таклифларни кўриб чиқади, экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, шунингдек, геология ва минерал ресурслар органларига табиий сув объектлари сувидан махсус фойдаланиш ва сувни махсус истеъмол қилишга рухсатномалар бериш бўйича таклифлар киритади;
корхоналар, иншоотлар ҳамда сув ва сув объектлари ҳолатига таъсир қиладиган бошқа объектларни қуриш, реконструкция қилиш, таъмирлаш ва тиклаш бўйича лойиҳаларни кўриб чиқади ва белгиланган тартибда келишиб олади;
в) ирригация ва мелиорация тизимлари, сув омборлари, насос станциялари ва бошқа сув хўжалиги ва гидротехника иншоотларининг ишончли ишлашини таъминлаш, йирик ва алоҳида муҳим сув хўжалиги объектларини муҳофаза қилишни ташкил этиш соҳасида:
ирригацияни ривожлантириш ва суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш бўйича давлат дастурини ишлаб чиқади ва амалга оширади;
лойиҳа-қидирув ва илмий-тадқиқот ишларининг ҳамда сув хўжалиги объектларини қуриш, реконструкция қилиш, таъмирлаш ва тиклаш бўйича лойиҳа-смета ҳужжатларининг идоравий экспертизаси ўтказилишини таъминлайди;
сув хўжалиги объектларини қуриш, реконструкция қилиш, таъмирлаш ва тиклаш бўйича лойиҳаларнинг ўз вақтида ва сифатли бажарилишини ҳамда тугатилган ишларни белгиланган тартибда қабул қилишни ташкил этади ва таъминлайди;
сув хўжалиги тизимига кирадиган лойиҳа-қидирув, пудрат, саноат ва бошқа корхона ва ташкилотларнинг фаолиятларини мувофиқлаштиради;
ирригация ва мелиорация тизимлари, йирик гидротехника иншоотлари ва сув омборлари, насос станциялари ҳамда бошқа давлат сув хўжалиги объектларининг ишончли ишлатилишини таъминлайди;
сув хўжалик объектлари, шу жумладан, сув истеъмолчилари уюшмаларининг суғориш ва коллектор-дренаж тармоқлари техник ҳолатининг тизимли мониторингини юритади, уларни паспортлаштириш ишларини бажаради ва давлат сув кадастрини тузади;
суғориладиган ерларнинг гидрогеологик ва мелиоратив ҳолатини, коллектор-дренаж тизимларидан самарали фойдаланиш, уларни техник жиҳатдан соз ҳолатда сақлашни, суғориладиган ерларнинг қулай мелиоратив ҳолати барқарорлигини таъминлашнинг тизимли мониторингини юритади;
сув, энергетика ва бошқа моддий-техник ресурсларни тежаш чораларини кўради;
сув истеъмолчилари уюшмаларининг сув хўжалиги объектларини техник ишлатиш ва реконструкция қилиш ҳамда таъмирлаш ишларини мувофиқлаштиради;
г) сувдан фойдаланувчилар ва сув истеъмолчиларининг сув ресурсларидан эҳтиёткорлик билан ва оқилона фойдаланишлари учун жавобгарлигини ошириш, сувдан фойдаланиш маданияти даражасини ошириш соҳасида:
сувдан фойдаланувчилар ва сув истеъмолчиларининг масъулиятини ошириш бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқади ва уларни такомиллаштиришда иштирок этади;
вазирликнинг сув хўжалигидан фойдаланиш ташкилотлари раҳбарлари ва ходимларининг сувдан фойдаланиш ва сув истеъмоли тартибига қатъий риоя қилишлари бўйича жавобгарлигини ошириш чораларини кўради;
оммавий ахборот воситалари, шунингдек, анжуманлар, семинарлар, тренинглар ва бошқа тадбирларни ўтказиш орқали сув ресурсларини асраш ва улардан тежамли фойдаланиш бўйича тарғибот ишларини олиб боради;
таълим муассасаларининг ёш авлодни сувдан авайлаб-асраб фойдаланиш руҳида тарбиялаш ва сувдан фойдаланиш маданиятини ошириш бўйича тадбирларида иштирок этади;
замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланган ҳолда сув бўйича оммабоп ресурслар билимлар базасини яратиш ва ривожлантириш бўйича ишларни ташкил қилади;
д) сув хўжалиги соҳасига илм-фан ютуқларини, замонавий сувни тежовчи технологиялар ва илғор тажрибаларни, сув хўжалиги ва сувдан фойдаланиш тизимини бошқаришнинг инновацион усулларини жорий қилиш соҳасида:
сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш соҳасида долзарб муаммоларнинг инновацион илмий-техник ечимларини ишлаб чиқиш ва замонавий техника ва технологияларни фаол равишда жорий этишга қаратилган давлат илмий-техник дастурларини шакллантиришда қатнашади;
сув хўжалиги соҳасида илмий-тадқиқот, лойиҳа-қидирув ва конструкторлик ишларини ривожлантиришни ҳар томонлама қўллаб-қувватлайди ва уларга ёрдам кўрсатади;
сув хўжалиги соҳасида илмий-тадқиқот, лойиҳа-қидирув ва конструкторлик ишларининг асосий йўналишларини белгилайди ҳамда шартнома асосида уларнинг бажарилишини ташкил қилади;
замонавий фан-техника ютуқларини ҳамда илғор тажрибаларни қурилиш, реконструкция қилиш, таъмирлаш ва тиклашга, шунингдек, сув хўжалиги тизимини бошқаришнинг инновацион усуллари ва сувни тежайдиган илғор технологияларни жорий этиш бўйича комплекс чора-тадбирларни қабул қилади;
қишлоқ хўжалиги экинларини томчилатиб суғориш тизими ва бошқа сувни тежайдиган суғориш технологияларини ишлаб чиқиш ва жорий этишда қатнашади;
е) сув хўжалиги соҳасидаги мутахассисларнинг малакасини ошириш тизимини ташкил этиш, сув хўжалиги ташкилотлари билан таълим ва илмий муассасалар ўртасидаги интеграцияни мустаҳкамлаш, илм-фан ютуқларини амалиётга жорий этиш чораларни кўриш соҳасида:
сув хўжалиги соҳасидаги кадрлар, мутахассислар, шу жумладан, сув хўжалиги ташкилотлари раҳбар ходимлари ва мутахассисларининг малакасини ошириш бўйича ўқув курсларини республиканинг ихтисослаштирилган сув хўжалиги ташкилотлари, таълим ва илмий муассасаларида, касб-ҳунар коллежларида, шунингдек, чет элда мунтазам равишда ташкил этади;
сув хўжалиги ташкилотларининг таълим ва илмий муассасалар билан ўзаро интеграциясини кучайтириш бўйича чора-тадбирларни ишлаб чиқади ва амалга оширади;
сув хўжалиги соҳасидаги олий таълим муассасалари профессор ва ўқитувчиларининг малакасини оширишни ва талабаларнинг ҳамда касб-ҳунар коллежлари ўқувчиларининг ўқув-ишлаб чиқариш амалиётини сифатли ўтказиш учун зарур шарт-шароитлар яратади;
сув хўжалиги соҳасида замонавий ва илғор технологияларни жорий этиш ва кенг қўллаш бўйича стратегик вазифаларни самарали ҳал этишга қодир бўлган юқори малакали кадрларни тайёрлашга ёрдам беради;
ж) трансчегаравий сув ресурсларини бошқариш ва улардан фойдаланиш бўйича давлатлараро муносабатларни ривожлантириш, чет эл инвестициялари ва техник кўмак маблағлари (грантлар)ни жалб қилиш, шунингдек, сув хўжалиги соҳасидаги халқаро ташкилотларнинг фаолиятида фаол иштирок этиш соҳасида:
Оролни қутқариш Халқаро жамғармаси ва унинг Сув хўжалиги комплекси халқаро комиссияси фаолиятида фаол иштирок этади;
трансчегаравий сув ресурсларини бошқариш ва улардан оқилона фойдаланиш ҳамда трансчегаравий сув объектларини ишлатишни яхшилаш, шунингдек, сув хўжалиги соҳасидаги халқаро ҳамкорликнинг устувор йўналишлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритади;
инвестицион лойиҳаларнинг ўз вақтида ва самарали амалга оширилиши учун халқаро молия ташкилотлари ва хорижий давлатлар инвестициялари, имтиёзли кредитлари ва техник кўмак маблағлари (грантлар) ни жалб қилишда иштирок этади;
хорижий давлатлардаги сув хўжалиги объектлари лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва уларнинг қурилишида иштирок этади;
трансчегаравий сув ресурсларини тартибга солиш ва улардан фойдаланиш, сув хўжалигини ривожлантириш ва ерлар мелиорацияси бўйича давлатлараро масалаларни муҳокама қилиш ва ҳал этишда республика номидан иштирок этади;
халқаро шартномалар, хорижий мамлакатлар билан сув хўжалиги ва мелиорация соҳасидаги ҳамкорлик дастурлари доирасида Ўзбекистон томонининг мажбуриятларини бажариш билан боғлиқ бўлган халқаро тадбирларнинг республикада ўтказилишини ташкил этади, сув хўжалиги масалалари бўйича хорижий ҳамкорлар билан музокараларда қатнашади;
Орол денгизини қутқариш Халқаро жамғармаси ва унинг таркибий бўлинмалари, Бутунжаҳон сув Кенгаши, Ирригация ва дренаж Халқаро комиссияси, Йирик тўғонлар бўйича Халқаро комиссия, Сув ресурсларини ривожлантириш ва бошқариш бўйича Ислом давлатлараро тармоғи ва бошқа халқаро ташкилотлар фаолиятида фаол иштирок этади.