Жорий йил 19 февраль куни Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлигида Президентимизнинг Мурожаатномасида белгиланган вазифаларнинг вазирлик тизимида ижросига бағишлаб матбуот анжумани ўтказилди. Унда Сув хўжалиги вазири Ш.Хамраев, Олий Мажлис Сенатининг Аграр, сув хўжалиги масалалари ва экология қўмитаси раиси Б.Тожиев, Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Аграр ва сув хўжалиги масалалари қўмитаси раиси Р.Мамутов, сув хўжалиги соҳасида ҳамкор хорижий ташкилотлар вакиллари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Сув тежовчи технологиялар
Президентимизнинг Мурожаатномасида белгилаб берилган вазифалардан келиб чиққан ҳолда жорий йилда республикамиз бўйича 44 минг гектардан зиёд майдонда сув тежовчи технологиялар, жумладан, 24,8 минг гектар пахта майдонида томчилатиб суғориш технологиясини жорий қилиш режалаштирилган. Мазкур соҳада давлат қўллаб-қувватлови, хусусан, субсидиялар ажратилиши муҳим аҳамият касб этмоқда. 2020 йилда ҳам сув тежовчи технологияларни жорий этишни қўллаб-қувватлаш учун 300 млрд. сўм ажратилади. Хусусан, қишлоқ хўжалиги экин тури, суғориш технологияси ва ернинг бонитет баллидан келиб чиқиб, томчилатиб суғориш тизимлари учун гектарига 8 млн. сўм, ёмғирлатиб суғориш тизимлари учун 4 млн. сўм, дискретли суғориш учун 1 млн. сўмдан ажратиш назарда тутилган. Шунинг билан бир қаторда Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан пахта хом ашёси ишлаб чиқарувчиларига томчилатиб суғориш тизимларини қуриш, реконструкция қилиш ва уларнинг бутловчи қисмларини сотиб олиш учун ажратиладиган кредитлар бўйича фоиз харажатлари тижорат банклари томонидан белгиланган фоиз ставкасидан бир гектарга 20 млн сўмдан ошмайдиган қисмининг 10 фоизи миқдорида қоплаб берилмоқда.
Республикамизда ҳозирги кунга қадар 130 минг гектар майдонда сув тежовчи технологиялар жорий этилган бўлиб, шундан томчилатиб суғориш технологияси 77,4 минг гектарни ташкил этади. 2020 йилда сув тежовчи технологиялар жорий этилган майдонларни 250 минг гектарга етказиш режалаштирилган. Шу тартибда иш олиб бориб, тежамкор технологиялар қўлланиладиган майдонлар 2025 йилга бориб жами 1 млн. гектарга, жумладан, томчилатиб суғориладиган майдонлар 250–300 минг гектарга етказилади.