___Йилдан йилга сув танқислиги кузатилаётган сўнгги йилларда деҳқон ва фермерларимиз қишлоқ хўжалиги маҳсулотларидан белгиланган ҳосилни етиштиришлари учун илғор технологияларни қўллаш зарурати юзага келмоқда. Шу тариқа мавжуд сув манбаларидан тажамкорлик билан фойдаланиш бугунги куннинг энг долзарб масаласига айланмоқда.

___Куни кеча Тўрткўл туманида сув тежовчи технологияларнинг яна бир тури, яъни ёмғирлатиб суғориш технологияси ишга туширилди.
__– Келгуси йил ҳосили учун экиладиган ғалла майдонларида жами 1000 гектар ер майдонида ёмғирлатиб суғориш технологиясини жорий қилиш режалаштирилган, – дейди Тўрткўл туман Ирригация бўлими бошлиғи А.Кадиров. – Ҳозирги кунгача туманда 610 гектар майдонда ушбу технологияни жорий қилиш бўйича фермер хўжаликлари ва қурувчи ташкилот “Омад Старт” МЧЖ ўртасида шартномалар расмийлаштирилди. Шунга мувофиқ, тумандаги «Тозабоғёп» овул фуқаролар йиғинидаги “Агро Абсолют ” фермер хўжалигига қарашли 2 гектар ғалла майдонида ёмғирлатиб суғориш технологияси ишга қўшилди.


___Мутахассисларнинг таъкидлашича, ёмғирлатиб суғориш технологиясида суғориш ишлари тўлиқ автомат тарзда амалга оширилиб, суғориш меъёрини камайтириш ёки кўпайтириш орқали тупроқнинг намиқиш чуқурлигини эҳтиёжга қараб ўзгартириш мумкин. Бунда сув дала бўйлаб бир текис тақсимланади. Шунингдек, ёмғирлатиб суғорилганда далада микроиқлим яратилиб, экиннинг жадал ўсиб-ривожланишига қулай шароит яратилади. Бундан ташқари, минерал ўғитлар ва бошқа кимёвий воситаларни сувга қўшиб бериш ҳам мумкин. Далада суғориш эгатлари ва ўқариқлар олишга зарурат туғилмайди. Оқава сувлар бўлмаганлиги туфайли, далани кам меъёрдаги сув билан ҳам сифатли суғоришга эришилади. Қишлоқ хўжалик экинларидан мўл ва сифатли ҳосил етиштирилиб, ердан фойдаланиш самарадорлиги ортади.
___Ҳозирги кунда ёмғирлатиб суғориш технологияси Қорақалпоғистон Республикасининг бошқа туманларида ҳам кенг жорий қилиш ишлари жадал давом қилмоқда. Бу борада жорий мавсумда 10 минг гектардан ортиқроқ майдонларда ушбу технологияни ўрнатиш режалаштирилган.
Ғ.Отажонов,
Қорақалпоғистон Республикаси
Сув хўжалиги вазирлиги Матбуот котиби