___Маълумотларга кўра, 2000 йилларга қадар ҳар 6-8 йил ичида сув тақчиллиги кузатилган бўлса, охирги вақтларда бу ҳолатга ҳар 3-4 йилда дуч келинмоқда. Мамлакатимизда мавжуд сув ресурсларидан самарали фойдаланиш бўйича муҳим чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

___Хусусан, 2020 йил ва 2021 йилнинг ўтган даврида Ўзбекистон Республикаси Президентининг бир неча фармон ва қарорлари, Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари қабул қилиниб, уларнинг барчасида мавжуд сув ресурслардан самарали фойдаланиш бўйича муҳим чора-тадбирлар белгиланган.
___Айни кунларда Президентимиз томонидан 2020 йил 5 декабрда имзоланган ПҚ-4912-сон ҳамда 2020 йил 11 декабрдаги ПҚ-4919-сон қарорига мувофиқ, бутун республикамиз бўйлаб сувни тежайдиган технологияларни жорий қилишга қаратилган кенг кўламли тадбирлар олиб борилмоқда. Албатта, минтақамиздаги сув ресурсларининг йилдан йилга камайиб бораётгани инобатга олиниб, кўпроқ майдонларда сув тежовчи технологияларни жорий қилиш режа қилинган. Шунга яраша бу борада қийинчиликлар ва муаммоларимиз ҳам оз эмас. Лекин қанчалик қийин бўлмасин ҳар бир туман ҳокимлиги ва барча ташкилотлар сув тежовчи технологияларни жорий қилиш тадбирларига сервис гуруҳларини тузиб кўмакчи бўлмоқда.
___Айни кунларда ижтимоий тармоқларда Нукус шаҳрини кесиб ўтувчи «Дўстлик» канали шундан сув олувчи “Қуўаныш жарма” канали ва шу канал орқали сув билан таъминланадиган Қораўзак туманидаги “Есимўзак” каналида ҳамда бир неча туманларда сув йўқлиги ёритилмоқда.
___Ҳақиқатан ҳам сув миқдорининг камлиги туфайли айни кунларда республикамиз таманларининг айрим каналларига сув бериш имкони бўлмаётган эди. 2000 йилларда оғир сувсизлик даврини бошидан ўтказган халқимиз айрим ижтимоий тармоқларда тарқатилаётган маълумотлардан янада тушкунликка тушиб қолаётган бўлиши мумкин.
___Халқимизга бу каби лавҳаларни кўриб тушкунликка тушмасликни ва халқимизга об-ҳаётни етказиш борасида ҳукуматимиз томонидан кенг кўламли амалий ишлар олиб борилаётганлигини маълум қиламиз. Шу билан бирга ҳар биримиз мавжуд сувдан самарали фойдаланишимиз зарурлигини айтиб ўтмоқчимиз.
___Йил бошидаги дастлабки маълумотларга кўра, жорий йил суғориш даврида сув танқислиги кузатилиши прогноз қилинган эди. Бу борада Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 10 апрелдаги 199-сонли қарори қабул қилиниб, унда 2021 йилда кутилаётган сув танқислигининг салбий таъсирини юмшатиш, иқтисодиёт тармоқларини сув билан барқарор таъминлаш, мавжуд сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш борасида вазифалар белгиланди.
___Ушбу вазифалардан келиб чиқиб, сув танқислигининг салбий таъсирини юмшатиш ҳамда мавжуд сув ресурсларидан оқилона ва самарали фойдаланиш мақсадида, сувни тақсимлаш графиги ишлаб чиқилган. Ушбу график асосида туманларга ва магистрал каналларга навбатма-навбат сув етказилиши таъминланмоқда.
___Ўтган ойнинг 28 санасидан бошлаб Амударё ҳавзасининг юқори қисмидаги «Термез» гидропостида сув қадди кўтарила бошлади.
___Туямуюн сув омборидан Амударёга ташланаётган сув миқдорларининг кўпайиши натижасида 13 майдан “Тахиатош” гидроузелига етказиб бериладиган сув миқдорига таъсир қила бошлади ва шунга қараб тақсимланади. Кўпайган сув миқдорлари график асосида магистрал каналларга бериб борилади.
___Ўтган йилда ҳам ижтимоий тармоқлар орқали пахта ва томорқа экин майдонларига сув сўраб аҳоли ва фермер хўжаликларидан кўплаб мурожаатлар бўлди. Сув хўжалиги вазирлиги томонидан мурожаатлар жойига чиқиб ўрганилганда, кўп ҳолларда ички ариқни тозаланмаганлиги, пахта далаларини суғоришда белгиланган агротехник қоидаларга амал қилмасдан ва талаб даражасида сувчиларни жалб қилмасдан айрим жойларда кўллатиш, сувларни қаровсиз қолдириш ҳолатлари учради.
___Бу йил ҳам ана шундай ҳолатлар такрорланмаслиги учун томорқа эгалари ва фермерлар ҳудудлардаги сув истеъмолчилар уюшмалари билан тегишли тартибда шартномалар тузиб, мавжуд сувлардан самарали фойдаланишнинг барча чораларини кўришлари зарурлиги ҳақида огоҳлантирамиз.
___Юртимизда бир неча йиллар давом қилган оғир сувсизликдан сўнг 2002 йил июнь ойидан бошлаб сув келиши кўпая бошлади ва кейинги йилларда халқимиз ўша қийин даврларни салгина унутди назаримизда. Илоҳим ўша қийинчиликлар унутилгани, ортга қайтмаслиги рост бўлсин.
___Шу ўринда халқ орасида бўлиб ўтган бир воқеани келтириб ўтишни жоиз топдик.
___Бир куни юқорида келтирилган қийин сувсизлик даври юмшатилган кунларнинг бирида бир ёши катта киши овқатдан сўнг дуога қўл очиб, ҳар галгидек ниятларини айтиб фотиҳа қилибди. Бу ниятларни кунда кузатиб ўтирадиган 5-6 ёшли невараси дуода ишлатилган сўзларни беихтиёр ёдлаб олган экан. Охирги ўқилган дуодан қолдириб кетилган сўзларни сезган невараси бир оз сукунатдан сўнг – ота сув қолиб кетди, сувимиз мўл бўлсин, деган жойини айтишни унитиб қолдингиз, деган экан.
___Бугун юртимизда ва бутун ислом уммати томонидан Рамазон ҳайити улуғ ва муборак айём кенг нишонланмоқда. Ана шундай Аллоҳ таолонинг марҳамати ёғиладиган барокатли ва нурафшон кунларда барчамиз ният қилайлик, сувимиз мўл бўлсин, дарёмиз ўз ўзанида оқсин!
Қорақалпоғистон Республикаси
Сув хўжалиги вазирлиги
Матбуот хизмати