Камбағалликни қисқартириш умуммиллий ҳаракатида сувчи раҳбарларнинг масъулияти оширилмоқда

    Нукус шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазири Ш.Хамраев раислигида «Камбағалликдан фаровонлик сари» дастурининг ижросини таъминлашга оид масалалар юзасидан йиғилиш ўтказилди.

Йиғилиш аввалида Сув хўжалиги вазири Ш.Хамраев Президентимизнинг ташаббуси билан юртимизда камбағалликни қисқартириш умуммиллий ҳаракатга айланганини таъкидлади. Давлатимиз раҳбари 2023 йилнинг 11 сентябрь куни камбағалликни қисқартириш ишларини кейинги сифат босқичига олиб чиқиш масалалари муҳокамаси бўйича ўтказган видеоселектор йиғилишида камбағал оилаларнинг 83 фоизида катта томорқа борлигини, лекин уларнинг 62 фоизида сув муаммоси мавжудлигини келтириб ўтди.  Бу аслида биз сувчиларни ҳам қийнаб келаётган муаммо эди.

Орадан кўп ўтмай Президентимиз томонидан камбағалликни қисқартириш ва аҳоли турмуш фаровонлигини оширишга оид фармони ҳамда «Камбағалликдан фаровонлик сари» дастурини тасдиқлаш юзасидан алоҳида қарори қабул қилиниб, бу йўналишда амалга ошириладиган чора-тадбирлар белгиланди.

Мазкур дастур доирасида Қорақалпоғистон Республикасидаги 89 та маҳалла ҳамда овул фуқаролар йиғинларида аҳоли томорқа майдонларини кафолатли сув билан таъминлаш назарда тутилган. Сув хўжалигининг барча даражадаги масъул раҳбарлари камбағалликни қисқартириш умуммиллий ҳаракатига муносиб ҳисса қўшиши, маҳаллаларга сув етказиш ишига шахсий жавобгарлик ва юксак масъулият ҳисси билан ёндашиши зарур, деди Шавкат Хамраев.

Танқидий руҳда ўтган йиғилишда «Камбағалликдан фаровонлик сари» дастури доирасида аҳоли томорқасини сув билан таъминлашга қаратилган тадбирларни амалга ошириш юзасидан ишчи гуруҳ тузилди.

“Сувхўжаликназорат” инспекцияси бошлиғи Р.Рахимов раҳбарлигида ишчи гуруҳ таркибига Сув хўжалиги вазирлиги, «Амударё» ҳавзаси сув хўжалиги бирлашмаси ҳамда ушбу бирлашманинг Қўйи дарё бошқармаси масъуллари, Ирригация тизими бошқармалари, Насос станциялари ва энергетика бошқармалари, Қирғоқ ҳимояловчи дамбалар ва ўзан ростловчи иншоотлар бошқармаси, Оролбўйи дельта бошқармаси раҳбарлари ва масъул ходимлари ҳамда туманлардаги “Сув етказиб бериш хизмати” давлат муассасаси директорлари киритилди. Улар  Қорақалпоғистон Республикасининг 17 та ҳудудига дастури ижросига масъул вакиллар этиб бириктирилди.

 Йиғилишда “Сувхўжаликназорат” инспекцияси бошлиғи Р.Рахимов, Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазири Б.Жузбаев сўз олиб, дастур доирасида белгиланган тадбирларни ўз муддатларида бажаришнинг барча чоралари кўрилишини ҳамда бугун тузилган ишчи гуруҳ аъзолари ҳам ҳудудларда самарали иш ташкил этишлари зарурлигини таъкидлаб ўтишди.

Йиғилишда сув хўжалигида олиб борилаётган ишлар, каналларни бетонлаш, сув тежовчи технологияларни жорий этиш, ҳимоя зоналарида ёрдамчи хўжаликлар ташкил этишга қаратилган масалалар ҳам кенг муҳокама этилди. Шунингдек, кейинги 2 ойнинг ўзида Қорақалпоғистондаги сув хўжалиги ташкилотларига янги экскаватор ва каналларни бетонлашда ишлатиладиган «Кармикс» каби жами ўндан ортиқ махсус техникалар олиб келингани эътироф этилиб, эндиликда ушбу техникалардан самарали фойдаланган ҳолда ташкилотларнинг ривожлантириш жамғармасига маблағ тушириб, сувчиларнинг даромадини ошириш бўйича ҳам топшириқлар берилди.

 

Сув хўжалиги вазири Ш.Хамраев бугун, яъни 21 февраль куни «Камбағалликдан фаровонлик сари» дастури доирасида Амударё туманидаги “Чойкўл” маҳалласидаги ариқларнинг бетонлаш ишлари билан яқиндан танишди. Масъулларга бу борадаги ишларни жадаллаштириш бўйича топшириқлар берди.

Ғ.Отажонов,

Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги матбуот котиби