Нукус туманидаги «Қумовил» насос станциясида Қорақалпоғистон насос станциялари ва энергетика бошқармаси томонидан амалий семинар ташкил этилди.Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлигининг ДХШ бўлими бошлиғи М. Сарсенбаев, Қорақалпоғистон насос станциялари ва энергетика бошқармаси бошлиғи Н. Аралбаев, Фойдаланиш ва таъмирлашни ташкил этиш бўйича шуъба бошлиғи С. Утемуратов ҳамда соҳа мутахассислари иштирок этди.

Семинарда электр энергиясидан самарали фойдаланиш, сув лимитларига қатъий риоя қилиш, насос агрегатларини ўз вақтида таъмирлаш ва замонавий энергия тежамкор қурилмалардан унумли фойдаланиш масалалари муҳокама қилинди.Таъкидланганидек, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясининг 2025 йил 17 декабрдаги 02-ПА-120650-сонли топшириғи асосида электр энергияси сарфи юқори бўлган 230 дона СНПЭ-500/10 русумли насос агрегатлари энергия тежамкор К500-7 русумли агрегатларга алмаштирилмоқда. Бугунги кунга қадар барча 230 дона агрегат ўрнатилиб, бунинг натижасида йилига 20,701 млн кВт·соат электр энергиясини тежаш режалаштирилган.
Шунингдек, электр энергиясини тежаш чоралари доирасида 4 дона насос, 11 дона электродвигатель ва 21 дона конденсатор ўрнатилган бўлиб, бу йилига ўртача 439,141 минг кВт·соат электр энергиясини иқтисод қилиш имконини беради.Семинар давомида насос агрегатларини таъмирлаш ишларини сифатли ташкил этиш, техника ва ускуналардан самарали фойдаланиш, насос станциялари ҳудудларидаги ер майдонларидан унумли фойдаланиш, ёрдамчи хўжаликларни ривожлантириш ҳамда тўқсонбости экинларини экиш ишлари кўриб чиқилди.

Хусусан, «Нукус–Кегайли» бўлимига қарашли «Қумовил» насос станцияси атрофидаги ер майдонларида қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш ва тўқсонбости экинларини экиш ишлари амалга оширилмоқда.Семинар якунида энергия тежамкорлигини таъминлаш, насос агрегатларини соз ҳолатда сақлаш, ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишларини янада кучайтириш бўйича масъулларга тегишли вазифалар белгилаб берилди.
Qoraqalpog‘iston Respublikasi
Suv xo‘jaligi vazirligi matbuot xizmati