___ Шу ҳафтада мамлакатимиз бўйлаб АҚШнинг Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) ҳамда Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги билан ҳамкорликда Марказий Осиёнинг тўртта давлатида сувни тежашни яхшилаш ва ёшларнинг бу борадаги хабардорлигини ошириш ҳамда сув секторини ислоҳ қилиш мақсадида “Амударё куни” нишонланмоқда.

___ Жумладан, Қорақалпоғистон Республикасида USAIDнинг Сув ресурслари ва атроф муҳит бўйича минтақавий лойиҳаси доирасида “Амударё -дўстлик дарёси” шиори остида “Амударё куни” ўтказилмоқда.
___ Тадбирнинг дастлабки куни иштирокчилар Мўйноқ туманига ташриф буюриб, “Кемалар қабристони” номини олган – “Очиқ осмон остидаги кемалар музейи мажмуаси”да бўлишди.

___ Меҳмонлар ушбу мажмуадаги занглаган кемаларни кўздан кечирар эканлар, Орол денгизи қуриши бежизга йигирманчи асрнинг дунёдаги энг йирик экологик фожиалардан бири сифатида қаралишига амин бўлдилар.

___ – Мана бу кемалар ва Орол денгизининг олдинги ҳолати ҳақидаги фильмни кўриб, сув ресурсларини нотўғри бошқариш минтақа, таъбир жоиз бўлса, бутун инсоният учун қанчалик катта экологик инқирозни юзага келишига сабаб бўлганини янада теранроқ англамоқдамиз, – дейди тадбир иштирокчиларидан бири, “Подшоота” дарёсининг ўзбек қисми учун Кичик ҳавза кенгаши раиси Абдуваҳоб Ботиров. – Тўғриси, бизда ҳам сув танқислиги бор, йил бўйи навбатлаб суғориш ишларини ташкил қилиш орқали жойларга сув олиб борамиз. Лекин, Мўйноқнинг айрим жойларига йиллаб сув келмаслигини кўриб, ўзимиз учун мавжуд сувлардан янада самарали фойдаланиш зарурлигини юракдан ҳис қилдим.

___ Ўйлайманки, нафақат сув хўжалиги ходимлари, балки барча сув истеъмолчилари Мўйноққа келиб, сувдан самарасиз фойдаланишнинг оқибатларини ўз кўзлари билан кўрсалар, сувдан фойдаланишга бўлган муносабати ўзгарарди. Ўзимдан мисолки, телевидение ёки бошқа ахборот воситаларида томоша қилгандан, келиб кўрган ўртасидаги таассурот бутунлай фарқ қилар экан. Мўйноқ, Орол денгизи – келиб кўриш керак бўлган ҳудудлар рўйҳатидан бежиз ўрин олмаганига ишончим комил бўлди.
___ 25 апрель куни USAIDнинг лойиҳа доирасида ташкил қилинган миллий тармоқлараро қўмитаси аъзолари, Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги ҳамда тизим ташкилотлари вакиллари ва бошқа тадбир иштирокчилари Орол денгизнинг сув сақланиб қолган қисмигача боришни режа қилиб, тонг саҳарлаб “йўл танламас” машиналарда денгиз томон йўлга чиқдилар.

___ Маълумки, Президентимизнинг ташаббуси билан 2017 йилдан бошлаб Орол денгизнинг қуриган тубида саксовул, черкез, қандим каби шўрга ва қурғоқчиликка чидамли ўсимликлар экиш ишлари бошланган эди.
___ Тадбир иштирокчилари қуриган денгиз тубига экилган саксовулларнинг бугунги ўсиб ровожланиш ҳолатлари билан ҳам танишдилар.

Меҳмонларга Қорақалпоқ давлат университетининг профессори Полат Реймов 2017-2018 йиллардан бошлаб бугунгача денгизнинг қуриган тубида яшил қопламаларни барпо қилиш ишлари жадал олиб борилаётгани ва унинг натижаларини ҳозирда саҳрода бунёд бўлаётган, яъни бўйи 1,5-2 метргача ўсиб етган саксовуллар мисолида тушунтириб берди. Олимнинг таъкидлашича, қуриган денгиз ҳудудида барпо этилаётган саксовулзор шамол тезлигини сезиларли даражада камайтириб, қум кўчишларига барҳам бермоқда. Бундан ташқари, дарахт ва бута турлари ҳавони тозалаш хусусиятига ҳам эга.

___ Машиналарда қиялик ва қумли йўллардан борардик. Автоулов бошқарувчилари ҳам сайёҳларни экстремал туризм объекти ҳисобланган денгиз томон олиб келавериб тажрибалари ошган. Мабодо машиналар шинасига зарар етса жойида тузатишяпти, ёнилғиси тугаса қўшимча ёнилғи қўйилаяпти, хуллас биргаликда Орол сари юрмоқдамиз.
___ Бир пайт узоқдан оқ ва кўк ранглар, дарахтлар чайқалишига ўхшаш тасвирлар кўринди. Автомашиналар ойналари юзасига ўтириб қолган қум-чангларда ушбу яшиллик дарахтзорга ҳам ўхшаб кўринар эди…

___ Ҳа, бу Орол денгизи, оқ ранглар мавжланланган тўлқинлардан пайдо бўлган кўпиклар экан. Ботқоқлик сабаб машиналар қирғоқдан олисроқда тўхтади. Машиналардан тушаётган тадбир иштирокчилари бирон сўз демасдан денгиз томон юра бошладилар…

___ Орол денгизи ҳақида гап кетганда кўпинча “бориб кўрганмисиз”, деган саволга афсус ва хижолат билан “йўқ” деб жавоб берардим. Мана бугун денгизни кўрдим. (Кейинчалик сувига тушиб кўрдингми, деган саволга ҳам “ҳа” дейиш учун сувига ҳам тушиб кўрдим). Афсуски, денгизнинг қолган қисми ҳам тобора чекиниб, суви камайиб бормоқда. Чамаси 2 йилча олдин сувдан чиқишга мўлжаллаб қурилган тахта устунлардан ҳозир сув 10 метрча чекингани ва 1 метрга яқин пасайгани кўриниб турарди. Ҳа, Орол денгизининг сақланиб қолган қисмини албатта келиб кўриш, ўзгача таассуротлар уйғотиши, сувга бўлган муносабатни ўзгартиришига шубҳам йўқ.
___ Тадбир иштирокчилари ҳам худди мен каби Орол денгизининг сув сақланиб қолган ҳудудига илк бор келишганини ва бу борадаги ўзларининг фикрларини ва таассуротларини гапириб беришди. Бу ҳақда видео материаллар асосида қўшимча маълумот беришга ҳаракат қиламиз.

___ Тадбир иштирокчилари бир томони Устюрт кенгликлари ва бир томони Қўнғирот туманига туташ бўлган Судоче кўлини ҳам бориб томоша қилдилар. Ҳозирда ушбу ҳудудда экологик қимматга эга бўлган табиий объектлар ва мажмуаларни, ҳайвонларнинг ноёб турларини сақлаб қолиш ҳамда уларни қайта тиклаш мақсадида умумий майдони 280 507 гектар бўлган давлат табиатни муҳофаза қилиш муассасаси шаклидаги «Судоче-Акпетки» давлат буюртма қўриқхонаси ташкил этилган.

___ Мўйноққа ва Орол денгизининг сув сақланиб қолган қисмига саёҳат қилганлар орасида Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги боршқарма бошлиғи Ш.Ботиров, Сув хўжалиги вазирлиги Ахборот-таҳлил ва ресурс маркази бўлим бошлиғи Х.Очилов, Наманган вилояти Мелиоратив экспедицияси Янгиқўрғон тумани бўлими бошлиғи Қ.Камолатдинов, “Подшоота” дарёсининг Кичик ҳавза кенгаши котибият раҳбари Н.Худайбердиев, Аму-Қашқадарё ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси диспетчери Ш.Хусановлар ҳам бор.
___ “Амударё куни” муносабати билан Қорақалпоғистонда ўтказилаётган тадбирлар давом қилмоқда.
Ғайрат Отажонов,
Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги матбуот котиби.