СУВ ХЎЖАЛИГИ ВАЗИРИ БЕРУНИЙДА САЙЁР ҚАБУЛ ЎТКАЗДИ

___ Юртимизда Ҳурматли Президентимиз раҳбарларнинг халқ олдидаги масъулияти ҳамда вазифаларини белгилаб бериши натижасида бугунги кунда  одамларнинг дарду-ташвишига қулоқ тутиб, уларнинг мурожаатларини тинглаш орқали мавжуд муаммоларини ҳал қилиш, ҳаётидан рози бўлиб яшашига кўмаклашиш ҳар бир раҳбарнинг зиммасидаги шарафли ишига айланиб улгурди.

___ Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазири Шавкат Рахимович ҳам сув хўжалиги соҳасидаги мавжуд муаммоларни жойига бориб ўрганиш, сув истеъмолчиларининг мурожаатларини тинглаш мақсадида Қоарақалпоғистон Республикасида бўлди.

___ Бугун, яъни 1 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазири Ш. Хамраевнинг Беруний туманида кластер, фермер ва бошқа сув истеъмолчилари учун оммавий сайёр қабули ўтказилди.

___ Тадбирда Беруний тумани ҳокими А.Сапарбаев, Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлигининг бўлим бошлиғи Н.Атакулов, “Жанубий Қорақалпоғистонда сув ресурсларини бошқаришни яхшилаш” лоиҳаси бош менеджери А.Сержанов, Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазири А.Реимбаев, Беруний тумани Насос станцияси ва энергетика бошқармаси бошлиғи У.Примов, тумани  ирригация бўлими раҳбари Ж.Ешанов ҳамда фермер хўжалиги, томорқа эгалари иштирок этди.

___ Тадбир аввалида, Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазири Ш.Хамраев сўзга чиқиб, Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан жорий этилган мана шундай сайёр қабуллар аҳолининг, хусусан сув хўжалиги соҳасининг қуйи тизимида тўпланиб қолган муаммоларни бартараф қилиш борасида самарали ечим топишнинг энг қулай, энг мақбул тизимини белгилаб берганини таъкидлаб ўтди. Шунингдек, соҳада кейинги йилларда амалга оширилаётган ислоҳотлар, хусусан, сув хўжалигини ривожлантириш концепцияси ва стратегияси доирасида бажарилаётган ишлар ҳақида маълумот бериб ўтди. Айниқса, яқин йилларгача Беруний туманида ер ости сувларининг сатхи юқори бўлиб шўрланиш даражаси юқори бўлиб келгани, мелиоратив тармоқларни реконструкци қилиш натижасида ер ости сувлари сатхи пасайтирилгани, қолаверса айни кунларда қурилиши давом қилаётган “Бўстон” каналининг қурилиши каби янги бунёдкорлик ишлари ва унинг натижасида эришилаётган натижалар ҳақида маълумот бериб ўтди.

___ Шунингдек, белгиланган вазифаларни амалга оширишда, жумладан, сув тежовчи технологияларни жорий этишда амалиётда юзага келаётган камчиликларни бартараф қилишга қаратилган тартиб-тамойиллар кейинги қабул қилинаётган қарор ва дастурларда ўзининг аксини топаётганини ва бу каби сайёр қабулларда билдирилган таклифлар ҳам келгусида ишларни такомиллаштиришга хизмат қилишини таъкидлаб, сайёр қабулни очиқ мулоқот шаклида ўтказишни таклиф қилди.

Шундан сўнг Беруний  туманидаги “Шоббоз” ОФЙ ҳудудидаги “Бийбазарли Сара она” фермер хўжалиги раҳбари Эргаш Шукуруллаев  ўтган мавсумдаги суғориш даврида экин майдонларига берилган сув миқдори ажратилган лимитга нисбатан камлигини билдириб, бунда мавжуд сув миқдорлари туман ирригация бўлими томонидан нотўғри тақсимланганини айтиб, қайта ҳисоб-китоб қилишни сўраб Вазирга мурожаат қилди.

___ Вазир ушбу масла юзасидан мурожаатчи томонидан тақдим қилинган хат-ҳужжатлар билан танишиб чиқиб, ушбу масалани алоҳида ўрганиб чиқиш бўйича Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазири А.Реимбаевга топшириқ бериб, Беруний тумани ирригация бўлими бошлиғи ҳамда Махсус хизмат бошлиғининг сувларни фермер хўжаликлари орасида тақсимлаш ишларидаги ҳаракатлари ёки ҳаракатсизлигига ҳам баҳо берган ҳолда мурожаатчига ёзма равишда жавоб қайтарилишини, ирригация ва махсус хизмат ходимлари мавжуд сувларни адолатли тақсимлаш зарурлигини таъкидлаб ўтди.

___ Сайёр қабулда тумандаги Навоий ОФЙ ҳудудидаги Жўшқинбек Бахадирович фермер хўжалиги раҳбари Баходир Рўзимов  экин майдонларини суғориш учун ҳудудидан ўтувчи “Бўстон” каналидан сув олиш иншооти (саматок) қуриб берилишида амалий ёрдам сўради.

Ушбу масала юзасидан “Жанубий Қорақалпоғистонда сув ресурсларини бошқаришни яхшилаш” лоиҳаси бош менеджери А.Сержановга масалани жойига чиқиб ўрганиш ҳамда фермер хўжалиги ва аҳоли томорқаларининг умумий экин майдонларини ҳисобга олган ҳолда “Бўстон” каналидан сув олиш иншооти (ўзи оқар сув олиш қулоғи) қуриш масаласини ҳал қилиш топширилди.

___ Шунингдек, Сув хўжалиги вазири “Жанубий Қорақалпоғистонда сув ресурсларини бошқаришни яхшилаш” лойиҳаси ҳудудларда насос агрегатларини тўхтатган ҳолдан экин майдонларини ўзи оқар тизимга ўтказиш мақсадида амалга оширилаётган йирик лойиҳа эканлигини ҳам таъкидлаб ўтди.

___ Оммавий сайёр қабулда Абай ОФЙ ҳудудидаги “Махсуд Қудрат” фермер хўжалиги раҳбари Бахтияр Юлдашев фермер хўжалигининг умумий суғориладиган майдони 80 гектарни ташкил қилиши ва шу ҳудуддаги умумий аҳолининг томорқа майдонлари ҳам шунга тенг миқдорда эканлигини ва сув олишда, яъни сувнинг лимитини ҳисоблашда ўзига яраша тушунмовчиликлар бўлаётгани ва фермер хўжалиги билан аҳоли томрқалари майдонларига олинаётган сувнинг аниқ ҳисобини юритиш масаласида мурожаат қилди.

___ Ушбу масала юзасидан Вазир мурожаатчи фермерга сувни олиш ва тақсимлашда аҳоли томорқалари ҳам ҳисобга олинишини тушунтирди. Шунингдек, вегетация даврида сувнинг ҳисоб китобини тўғри юритиш ва муроса билан сув олишни ташкил қилиш бўйича тумандаги Махсус хизмат бўлими раҳбари Мансур Каримовга топшириқ берди.

___ Шу билан бирга жорий йилда сув танқислигини ҳисобга олиб, аҳолининг томорқа майдонларига сувни кўп талаб қиладиган экинлар (шоли) экилмаслигини тушунтирган ҳолда ушбу фермернинг ўзи бош бўлиб, 20 та хонадон томрқаларига намунавий сув тежовчи технологияларни жорий қилишни ташкил этишни тавсия қилди. Бу усул, яъни сув тежовчи технология “келажак усули” эканлиги бўйича тарғиботни кучайтириш лозимлигини айтиб ўтди.

___ “Бийбазар” ОФЙ ҳудудидаги Ўразбай Нурмонов номидаги фермер хўжалиги раҳбари Анвар Сарсенбаев ўтган йилда 12 гектар майдонга томчилатиб суғориш технологиясини жорий қилгани ва ушбу сув тежовчига ишлатиладиган насос агрегати учун электр тўловидан имтиёз берилиши юзасида тушунтириш сўраб мурожаат қилди.

___ Вазир ушбу масала юзасидан Президент қарорларида белгиланган имтиёз ва имкониятлар ҳақида батафсил тушунтириб ўтди. Хусусан, ўтган йилдан бошлаб Оролбўйи минтақаси, шу жумладан Қорақалпоғистон Республикасида сув тежовчи технологияларни жорий қилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирувчилари учун ажратиладиган субсидия миқдори 1,5 баробарга оширилиб, яъни 12 миллионгача субсидия ажратилиши белгиланганини таъкидлаб ўтди. Шунингдек, мурожаатчига жавоб тариқасида унинг ишлатаётган насос агрегати учун ҳозирги пайтда имтиёз ажратилмагани, бу борада катта каналлардан оладиган насос агрегатларининг электр энергияси тўловлари учун имтиёз назарда тутилганини, кичик агрегатлар харажатларини қоплаш ўша субсидия ичига киритилганлигинини билдириб ўтди.

___ Сайёр қабулда туман ҳокими А.Сапарбаев ҳам сўзга чиқиб, кластер ва фермер хўжаликларига юқорида Сув хўжалиги вазири таъкидлаганидек, сув танқислиги ошиб бораётганлиги ҳисобидан барча сув истемолчилари сув тежовчи технологияларини қўллашга ўтиши зарурлигини таъкидлаб ўтди. Шунингдек, Сув хўжалиги вазири Ш.Хамраевга туманга келиб, дала шароитида фермер ва сув истемолчиларининг мурожаатларини тинглаб, уларни ечиш борасидиги амалий ишлари учун миннатдорлик билдирди.

___ Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазири А.Реимбаев сайёр қабулдага барча мурожаатларни шахсан назоратга олишини ва сув истеъмолчилари муаммоларини бартарафга қаратилган бу каби тадбирлар  изчил давом қилишини билдириб ўтди.

Ғ.Отажонов,

Қорақалпоғистон Республикаси

Сув хўжалиги вазирлиги матбуот котиби