Қорақалпоғистон: СУВДАН САМАРАЛИ ФОЙДАЛАНИШ ЮЗАСИДАН МАТБУОТ АНЖУМАНИ ЎТКАЗИЛДИ

     Бугун, яъни 2 май куни Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлигида “Сув ресурсларидан самарали фойдаланиш, сув тежовчи технологияларни жорий қилишнинг зарурати ва ҳозирги кунда республикамизга келиб турган сув миқдорлари” мавзусида матбуот анжумани ўтказилди.

     Тадбирда марказий ва маҳаллий нашрлар, “Қорақалпоғистон” радиоканалининг махсус мухбирлари, вазирликнинг бўлим бошлиқлари иштирок қилди.

Матбуот анжумани аввалида, Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазири Бахтияр Жузбаев ҳудудга олдинги даврларда келиб турган сув миқдорлари, ҳизирги даврда камайиб бораётгани ва мавжуд сув ресурсларидан самарали фойдаланиш заруратининг қанчалик долзар масала эканлиги бўйича баёнот қилди.

     Таъкидланганидек, кейинги йилларда иқлим-ўзгариши, ёғингарчилик миқдори ва тоғликларда муз захиралари камайганлиги ҳисобига республикамизнинг ёгона сув манбаси бўлган Амударё дарёсида сув ҳажми йилдан йилга камайиб бормоқда.

     Бугунги кунга келиб, Амударё дарёси ҳавзасида сув миқдорлари шакилланиши 63 км3 атриофида бўлиб, сўнги 40-50 йилда 15 км3 га камайиши кузатилган ва сув миқдорининг камайиши йилдан йилга кучаймоқда.

         Яъна бир муҳум масала Қорақалпоғистон Республикасига 1900-1960 йиллар оралиғида Амударёнинг “Саманбай гидропости”дан 48 км3 сув миқдори оқиб ўтган бўлса, кейинги йилларда 1960-1990 йиллар оралиғида 17,8 км3ни, 1990-2021 йиллар оралиғига келиб, ўртача 10-12 км3ни ташкил қилди.

     Маълумотларга кўра, 2030 йилга бориб сувнинг умумий тақчиллиги 2,3 баробар ошиши кутилмоқда, кейинги 10–15 йил ичида аҳоли жон бошига сув таъминоти деярли 2 баробар қисқаради. Лекин сувга бўлган талаб 20 фоизга ошади, саноат ва энергетика соҳаларининг сув истеъмоли 84 фоизга ўсиши кутилмоқда.

     Шу сабабли бугунги бизнинг ва ҳар бир сув истеъмолчисининг олдида турган катта вазифаларимиздан бири бу мавжуд сув миқдорларидан тежамли фойдаланиш ҳамда қишлоқ хўжалиги соҳасида сув тежамкор технологияларни қўллаб, сув миқдорларини иқтисод қилиш орқали халқ хўжалигининг бошқа соҳаларини етарли сув миқдорлари билан ўзликсиз таъминлашимиз зарур.

     Сувни тежаш масаласига Президентимизнинг шахсан ўзлари алоҳида эътибор қаратиб, 2023 йилнинг 29 ноябрь куни қишлоқ хўжалигида сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш ва йўқотишларни камайтириш чора-тадбирлари юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида «каналларни бетонлаш бўйича зарбдор йил» эълон қилинди. Давлатимиз раҳбарининг топшириғи билан сув ресурсларидан самарали фойдаланишни ташкил этиш  мақсадида бир йил давомида сувни тежаш бўйича фавқулодда иш тизимига ўтилиши белгиланди.

     Давлатимиз раҳбари белгилаб берган вазифалар ижросини таъминлаш, республикамизда сув йўқотишларни камайтириш мақсадида, Ҳукуматимизнинг тегишли қарори асосида биргина Хўжайли туманининг ўзида “Ширин жап” ва «Ташли жап» каналлариида олдинги йилларда бўлмаган кўламда реконструкция, яъни бетонлаш ишлари амалга оширилди. Бу ишларни журналистларга кенг таништириш юзасидан объект бошида медиа-турлар ҳам ташкил этилгани таъкидлаб ўтилди.

     Шунингдек, республикамизда сув тежовчи технологиялар жорий қилинаётган майдонлар, ерларни лазерли текислаш, сув миқдорларини ҳисоб-китобини олиб боришда “Ақилли сув” қурилмаларини ўрнатиш борасида амалга оширилган ишлар юзасидан ҳам оммавий ахборот воситалари вакилларига маълумотлар берилди.

     Матбуот анжуманининг  иккинчи қисми очиқ-мулоқот шаклида ўтказилди. Бунда журналистлар ўзларини ва сув истеъмолчиларини қизиқтираётган саволлар билан сув хўжалиги масъулларига юзландилар.

     Жумладан, Амударё дарёсининг сув миқдорлари ҳудудлар кесимида тақсимланиши, сувни кўп талаб қиладиган экин, яъни шоли майдонларини қисқартириш, йирик каналларни бетонлашга халқаро ташкилотларнинг молиявий кўмаги, сувсизлик йилларида Оролбўйидаги табиий кўлларнинг  ахволи, сув тежовчи технологияларнинг ўзини оқлашига фермерларнинг ишончи, Нукус шаҳрида “Дўстлик” каналини бетонлаш, шаҳарда мелиорация тизимига оид журналистлар томонидан берилган кўплаб саволларга Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазири Бахтияр Жузбаев батафсил жавоб берди.

     Матбуот анжумани якунида юқорида берилган саволлар ҳамда сув хўжалигида амалга оширилаётган ишларни оммавий ахборот воситаларида кенг ёритиш бўйича вазирликнинг Матбуот хизмати билан тиғиз ҳамкорликда ишлашга келишиб олинди.

Қорақалпоғистон Республикаси      

Сув хўжалиги вазирлиги Матбуот хизмати