Олис ҳудудларга ҳам навбатлаб сув бериш ташкил қилинмоқда

___Ижтимоий тармоқларда Мўйноқ тумани “Бозатаў” овул фуқаролар йиғини ҳудудидаги «Шағырлы» қишлоғи аҳолисининг қишлоқ хўжалиги экинлар ва чорва моллари учун сув йўқлигидан норозиликларини билдирган  видеолари тарқалган эди.

___Туман ҳокимлиги, ирригация бўлими ва бошқа тегишли ташкилотлар томонидан мазкур муаммони бартараф қилиш чоралари кўрилди.

___Тумандаги зарур техникалар жалб қилиниб, бу ишларда ҳудуд аҳолиси ҳам ўзларининг иш қуроллари билан иштирок қилди. Ҳудудга сув етказувчи “Таллық” каналининг кўп йиллардан буён кўмилиб қолган 2 километрдан ортиқ қисми қазиб тозаланди.

___Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги ва тизим ташкилотлари томонидан навбатлаб суғориш бўйича белгиланган графиклар асосида мазкур ҳудудга сув етказиш назоратга олинди.

___“Бозатаў” овул фуқаролар йиғини ҳудудидаги “Шеге” кўлида ҳам ҳозирги кунда сув йўқ. Сув бўлган пайтида “Рашков” канали орқали “Таллық” каналига сув келиб турган. Ҳозирги кунда аҳолининг мурожаатлари ва сувсизликнинг салбий оқибатларини юмшатиш мақсадида “Шағырлы” овулига келаётган сувнинг мазкур кўл томонга оқиб кетадиган қисми, яъни «Рашков» канали вақтинча ёпиб қўйилди.

___Ушбу тадбирлар натижасида жорий йилнинг 1 июль куни Мўйноқ туманининг олис ҳудудида “Бозатаў” овул фуқаролар йиғини, «Шағырлы» қишлоғига сув етиб борди.

___Ҳозирги кунда сув миқдорининг нисбатан камлиги ва барча ҳудудларда пахта ва такрорий экин майдонларига сув берилаётгани сабабли туманлардаги ички каналларда ҳам навбатлаб суғориш графиклари ишлаб чиқилган. Мазкур графиклар асосида олис ҳудудларга ҳам навбатлаб сув бериш, аҳолининг мурожаатларини ижобий ҳал қилиш масъуллар томонидан назоратга олинмоқда. 

Қорақалпоғистон Республикаси

Сув хўжалиги вазирлиги

матбуот хизмати