Франциятараққиёт агентлиги вакиллари билан «Суенли» каналини реконстукция қилиш муҳокама этилди

___ Нукус шаҳрига ташриф буюрган Франция тараққиёт агентлиги (ФТА)нинг делегация вакиллари  Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлигида бўлиб, Оролбўйида суғориш тармоқларини реконструкция қилиш борасида амалга ошириладиган янги лойиҳалар юзасидан сув хўжалиги масъуллари билан суҳбатлашди.

___ -Делегация вакиллари Қорақалпоғистоннинг шимолий ҳудудларидаги каналларни реконструкция қилиш борасидаги лойиҳалар чуқур ўрганилаётганини ва бу борадаги таклифлар ҳамда тажрибалар қайта таҳлил қилинган ҳолда энг мақбул варианти танлаб олинишини алоҳида таъкидлашди, – дейди Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазири А.Реимбаев. –  Меҳмонлар билан очиқ ва самимий ўтган суҳбатимиз давомида Оролбўйидаги суғориш каналларининг қурилиши, бугунги кундаги ҳолати, хусусан, “Суенли” магистрал каналиниреконструкция қилиш, бетон қопламалари билан қоплаш натижасида эришилиши кутилаётган натижалар ҳақида маълумотлар берилди.

___ Франция тараққиёт агентлиги вакиллари Қорақалпоғистондаги суғориш тармоқларининг харитаси, хусусан, “Суенли” канали ҳамда айни вақтда лойиҳа институтлари томонидан амалга оширилаётган ишлар билан танишди.

___ Учрашувда Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазири А.Реимбаев, вазирнинг биринчи ўринбосари Б.Жузбаев агентлик вакилларига магистрал каналлардан ички суғориш тармоқларигача деҳқон ва фермерларгача сув тақсимлаш тизими, йирик каналларда реконструкция ишларини бажаришнинг аҳамияти ҳақида батафсил маълумотлар бердилар.

___ Делегация вакиллари Қонликўл туманида “Суенли” каналини реконструкция қилиш лойиҳалари билан жойига бориб танишишни ҳам режалаштиришган. 

___ Маълумот учун: 1941 йилда ташкил этилган Франция тараққиёт агентлиги (ФТА) давлат молиявий муассаса ҳисобланиб, қароргоҳи Париж шаҳрида (Франция) жойлашган. Бугунги кунда дунё бўйича 85 та хорижий ваколатхонага эга бўлган ташкилот фолияти Франциянинг денгизорти ҳудудлари ва 115 мамлакатда иқлим ўзгариши, биохилма-хиллик, гендер тенглиги, таълим ва соғлиқни сақлаш йўналишларидаги 4 мингдан зиёд лойиҳаларни амалга оширишда кўмаклашишга қаратилган.

Ғ.Отажонов,

Қорақалпоғистон Республикаси

Сув хўжалиги вазирлиги матбуот котиби