Қорақалпоғистон насос станциялари ва энергетика бошқармаси томонидан Шўманай туманида жойлашган “Дийханабад-2” насос станциясида электр энергиясидан самарали фойдаланиш, иқтисод қилиш ва суғориш мавсумида насос агрегатлари техник соз ҳолатда ишлашини таъминлаш масалалари муҳокамаси юзасидан семинар ўтказилди.

Семинарда Қорақалпоғистон насос станциялари ва энергетика бошқармаси бошлиғининг ўринбосари Н.Аралбаев Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги томонидан тасдиқланган режага мувофиқ, ҳар ҳафтанинг жума кунида насос станциялар фаолияти ва ҳудудлардаги насос агрегатларининг ҳолати ўрганилишини ва бу борада белгиланган вазифалар ижроси ҳар ҳафта муҳокама этилишини таъкидлаб ўтди.
Таъкидланганидек, тегишли қарор ва Давлат дастурлари асосида 2024 йил давомида 7 дона янги насос, 6 дона электродвигатель, 18 дона конденсатор, 2 дона плавный пуск, 2 дона қуёш батереяси ва 170 дона светодиод лампалари ўрнатилиши натижасида 291 258 кВт электр энергия иқтисод қилиниши режалаштирилган. Шу боис ушбу электр тежамкор ускуналарни ўз муддатида ўрнатиш ва ҳисоб-китоблари бўйича зарур иш журналларини юритиш масалалари тушунтирилди.

-Туманимиздаги 4 минг 300 гектарга яқин қишлоқ хўжалик экин майдонлари насос станциялари агрегатлари ёрдамида суғорилади, – дейди Шўманай тумани “Сув етказиб бериш хизмати” ДМ директори Б.Хожаназаров. – Ҳудудимизда Қорақалпоғистон насос станциялари ва энергетика бошқармасига қарашли 11 та насос станцияси ва уларда 23 дона насос агрегатлари мавжуд бўлиб Бошқарманинг тегишли мутахассислари билан уларнинг созлигини кўздан ўтказиб чиқдик. Жорий йилда тумандаги 8 дона насос агрегатларини таъмирлаш режалаштирилган бўлса, уларнинг 5 таси суғиориш мавсуми олдиндан тўлиқ таъмирланди. Ҳозирги кунда насос станциялари ғалла ва аҳоли томорқаларига сув етказишда хизмати катта бўлаётир. Бунинг учун барча насос станцияси ходимларига фермер ва деҳқонларимиз номидан миннатдорлик билдираман. Негаки, насос агрегатлари соз бўлса, суғориш ишлари осон кечади ва ўз муддатларида амалга оширилади.
Семинар давомида Қонликўл-Шўманой бўлимидаги барча насос станциялар атрофларида ташкил этилган ёрдамчи хўжаликларда мавжуд ер майдонларига картошка ва сабзавот экинларини экиш ҳамда насос станциялар атрофида экилган мевали, манзарали дарахт кўчатларини парваришлаш бўйича олиб борилаётган ишлар муҳокама қилиниб, масъулларга керакли тавсия ва топшириқлар берилди.
Қорақалпоғистон Республикаси
Сув хўжалиги вазирлиги Матбуот хизмати