___Яна саноқли кунлардан сўнг Оролбўйи ҳудудида кенг миқёсли шўр ювиш тадбирлари бошланади. Сув хўжалиги объектлари, ирригация тармоқлари, насос агрегатлари мавсумга шай ҳолатга келтирилмоқда.

___Қорақалпоғистон Республикасида шўр ювиш тадбирларини амалга оширишга қолаётган муддат ўтган йилларга нисбатан қисқароқ бўлмоқда. Бундай вазиятда насос агрегатларининг ўрни ва мавсум давомида соз ҳолатда ишлаши жуда муҳим омиллардан саналади. Буни яхши англаган Беруний насос станциялари ва энергетика бошқармаси жамоаси мавжуд насос агрегатларини таъмирлашга янада масъулият билан қараб, шўр ювиш тадбирига пухта тайёргарлик кўрмоқдалар.

___– Бошқармага қарашли 53 та насос станциясида 119 та агрегат бўлиб, Тўрткўл, Беруний ва Элликқалъа туманларидаги 47 минг гектардан ортиқ майдонларда шўр ювиш ва суғориш ишларига ҳамда зах сувларни ҳайдаш учун хизмат қилади, – дейди Қорақалпоғистон Республикаси Cув хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Беруний насос станциялари ва энергетика бошқармаси бошлиғининг ўринбосари Махсуд Юсупбаев. – Беруний тумани мисолида оладиган бўлсак, 24 та насос агрегатини таъмирлаш режалаштирилган бўлиб, ҳозирги кунда 22 таси таъмирланди. Қолган 2 та насос агрегатида якуний таъмирлаш ишлари давом этмоқда.

___Бошқарма ҳисобидаги насос станцияларнинг чиқарадиган сув сарфини ва электр энергиясининг онлайн мониторингини юритиш мақсадида ҳар бир насос станцияси сув ўлчаш қурилмалари босқичма-босқич ўрнатилмоқда. Бу эса сув ортиқча исрофгарчилигининг олдини олишда катта самара бермоқда. 2021 йил 13 та сув ўлчаш қурилмаси ўрнатилди. Жорий йилда эса 41 та насос станцияларга шундай қурилмалар ўрнатилиши режалаштирилган. Электр энергияни иқтисод қилиш мақсадида эскилари замонавий электр тежамкор электродвигателларга босқичма-босқич алмаштирилмоқда.
___Бундан ташқари, Насос станцияларга реактив қувватни компенсация қилувчи конденсатор қурилмалари, замонавий энерготежамкор светодиод лампалар, қуёш батареялари, частота ўзгартирувчи қурилмалар ўрнатилиб, электр тармоқларидаги камчиликлар бартараф қилиниб, ишлатиш учун шай ҳолатга келтирилди.
___Суғориш тадбирлари олдидан Сув хўжалиги вазирлиги томонидан ҳар бир насос станцияси учун белгиланган электр энергия ва сув чиқариш лимитлари тасдиқланди. Шунга мувофиқ, насос станциялари кластер, фермер ва томорқа ер майдонларининг шўрини ювиш ва ғалла майдонларини суғориш давомида узлуксиз хизмат қилишининг барча чоралари кўрилмоқда.
Ғ.Отажонов,
Қорақалпоғистон Республикаси
Сув хўжалиги вазирлиги матбуот котиби