Тахиатош тумани: «Эски Кенегэс” канали бетонланмоқда

   Мамлакатимизнинг бошқа ҳудудлари сингари Қорақалпоғистон Республикасида ҳам жорий йилга белгиланган режага мувофиқ, каналларни реконструкция қилиш, бетонлаш ишлари бошлаб юборилди.

    Айни кунларда Тахиатош туманидаги «Эски Кенегес” каналини реконструкция қилиш ишлари қизғин олиб борилмоқда.  Реконструкция ишлари “VORIS CHINA” масъулияти чекланган жамияти шаклидаги қўшма корхона қурувчилари томонидан  амалга оширилмоқда. Жорий йилда каналининг 1-босқич реконструкция доирасида 16 километрдан ортиқ қисмини бетонлаш назарда тутилган. Бугунги кунгача объектида 1,44 километр қисмида тўпроқ ишлари ва 0,5 км қисмида бетонлаштириш ишлари амалга оширилди.

  -Ушбу канални бетонлаш ишларини амалга оширишдан олдин лойиҳасини ишлаб чиқишда бир қатор муҳим масалалар эътиборга олинди, – дейди Тахиатош тумани “Сув етказиб бериш хизмати” ДМ директори Адил Назаров. – Олдинлари ҳудуддаги айрим фермерларнинг экин ер майдонлари каналдаги сувдан анча юқоридалиги сабабли қўшимча насос агрегатларини ишлатишга тўғри келар, канални тўлдириб қўйиш учун ортиқча сув, насослар учун кўп миқдорда энергия сарфланар эди. Бетонлаш лойиҳаси ишлаб чиқилаётганда шу каби муаммоларни айтиб, таклифларимизни бердик. Шу тариқа лойиҳада тупроқ ҳажми нисбатан кўпайди, лекин келгусида каналдаги камроқ сув билан ҳам кўплаб фермерлар даласи ўзи оқар тизимида суғориладиган бўлади.

         Реконструкция доирасида фермерларнинг сув олиш жойлари ва гидроиншоотлари бир йўла таъмирланиб борилмоқда. Ушбу каналда бетонлаш ишлари якунига етказилгач, сув йўқотишлар камайиши билан бирга ҳудуддаги 7 минг гектардан ортиқ майдонларнинг сув таъминоти яхшиланади.   

 Маълумот учун: Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарорига асосан жорий йилда Қорақалпоғистон Республикасида 39,8 км узунликдаги 4 та канални реконструкция қилиш, бетонлаштириш режалаштирилган. Ҳозирги кунда қолган 3 та каналда ҳам тупроқ ва бетонлашга тайёрлаш ишлари бошланган.

Қорақалпоғистон Республикаси

Сув хўжалиги вазирлиги Матбуот хизмати