ОДДИЙ ИШЧИНИНГ СУВГА БЎЛГАН МУНОСАБАТИ

ёхуд Қорақалпоғистонда сув қадрини барча билади

Бугун эрталаб, туманлардаги иш жараёнларини тасвирга олишга кетишдан олдин вазирликнинг диспетчерлик хизмати хонасига кириб, қизиқ суҳбат жараёнига гувоҳ бўлдим. Суҳбат давомини камерага олишга улгурдим…

Бир кун олдин Тошкент шаҳридан келган вакиллардан бири, Толиб ака Қудратов сув миқдори ва ҳудудларга тақсимланиши ҳақидаги кунлик маълумотни таҳлил қилаётганида бир киши хонага кириб, республикамизга келиб турган сув ҳақидаги маълумотларни кўриб қайтиб кетган. Бугун ҳам ўша киши мазкур маълумотни кўздан кечириб, чиқиб кетаётганида вакил ажабланиб, суҳбатга тортган.

 Гап шундаки, 2014 йилдан буён Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги маъмурий биносида оддий ишчи (қоровул, назоратчи) бўлиб ишлайдиган Умирбай Жақсимуратов ҳар сменага тушган куни келаётган сув миқдори билан қизиқиб, ҳудудларга тақсимоти таҳлил қилиб боришга одатланган. Умирбай оғанинг айтишича Кегейли тумани Халқобод қишлоғида аграр соҳада, яъни бригадир, агроном ва фермер хўжалигида иш олиб боргани учун унга ҳудуднинг сув таъминотини билиб бориш қизиқ. Айниқса, ҳозирги баҳор мавсумида ўзининг томорқасини қачон сув бериб экишга тайёрлашини, бу ҳақда қўшнилари ҳам сўраб боришини айтиб, қишлоғи томон қачон сув берилишини билиш учун ҳам маълумотлар билан танишиб боришини айтади. 

Суҳбат жараёнида Умирбай оға сув келиши ва тақсимоти ҳиқидаги маълумотларни ҳудди мутахассислардай тушунтириб берди. Унинг ҳозирги кундаги муҳим тадбир саналган томорқаларни суғориш бўйича тавсияларини эшитган вакил қойил қолди.

  • Мени ҳайрон қолдиргани, бу киши оддий ишчи бўлиб, фақат қишлоғига борадиган сув миқдорини эмас, аввало, “Туямўйин” сув омборини ҳажмига қизиқаяпти, маълумотларни тезликда таҳлил қилиб сув камлигини тушунаяпти. Ҳаттоки, бундай кам сувдан самарали фойдаланиш бўйича, Умирбай оғанинг тили билан айтганда “умумий қазонда” кам қолганлигини аввало ўзи тушуниб, танишларига сувни иқтисод қилиш тарғибот ҳам қиларканлар. Кузатилаётган сув танқислиги энг кўп таъсир қилаётган ҳудуд бўлгани учундир балки, сув миқдори ҳақидаги маълумотлар барчага қизиқ ва муҳим бўлаётир. Бу ҳолатни кўриб билдимки, сув қадрини “сувчи” билар иборасини сал ўзгартириб, сув қадрини Қорақалпоғистонда “барча” билар десак, тўғри бўлади назаримда.

Эътиборлиси, бугунги кунда юртимизда сувдан самарали фойдаланиш сиёсатини юритишда Сув хўжалиги вазирлигининг энг катта раҳбаридан тортиб оддий ишчисигача халқимизга, сувни иқтисод қилиш, ундан оқилона фойдаланиш бўйича тарғибот тадбирларини олиб боришга ҳаракат қилмоқда. Умирбой оғанинг масъул вакил билан суҳбати ҳам шунга мисолдир.

Ғ.Отажонов,

Қорақалпоғистон Республикаси

Сув хўжалиги вазирлиги матбуот котиби