Қорақалпоғистон Насос станциялари ва энергетика бошқармасига қарашли Хўжайли туманида жойлашган “Туркменяб” насос станциясида вегетация мавсумида насос станцияларида бажариладиган муҳим ишлар муҳокама этилиб, вазифалар белгилаб олинди.

Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлигининг бош мутахассиси О.Палуанов, Қорақалпоғистон Насос станциялари ва энергетика бошқармаси бошлиғи К.Сарибаев ва бошқарманинг Хўжайли-Тахиятош бўлимида жойлашган насос станциялари бошлиқлари ва ишчи-ходимлари иштирок этдилар.
Кўргазмали семинар шаклида ўтказилган муҳокамаларда Бошқарманинг бўлим бошлиқлари С.Утемуратов, Қ.Алиев ва Таъмирлаш цехи бошлиғи К.Базарбаев насос станцияларида электр энергиядан самарали фойдаланиш, иқтисод қилиш, замонавий энерго тежамкор қурилмаларни ўрнатиш ва насос станциялар агрегатларини сифатли таъмирлаш каби масалалар юзасидан амалга оширилган ишлар ва олдинда турган вазифалар белгилаб олинди. Шунингдек, тадбир давомида насос станцияларидаги электр ускуналари ва уларни ўрнатиш, фойдаланиш юзасидан тушунчалар бериб ўтилди.

Тадбир якунида Бошқарма бошлиғи К.Сарибаев барча насос станциялар атрофларида ташкил этилган ёрдамчи хўжаликларда мавжуд эр майдонларидан самарли фойдаланиш, картошка, пиёз ва сабзавот экинларини экиш ва олинган ҳосилдан ишчи-ходимларни қўшимча рағбатлантириб бориш бўйича кўрсатмалар берилди. Бу борада “Туркменяб” насос станциясида 20 та асалари оиласини боқиш йўлга қўйилгани ва бу иш бошқаларга намуна бўлиши кераклиги айтиб ўтилди.
Қорақалпоғистон Республикаси
Сув хўжалиги вазирлиги Матбуот хизмати