ЭЛЛИКҚАЛЪА ТУМАНИ: ҒАЛЛА МАЙДОНЛАРИНИ ЛАЗЕРЛИ УСКУНАЛАР БИЛАН ТЕКИСЛАШ ЗАРУР

Олдин хабар берганимиздек, Қорақалпоғистон Республикасида айни кунларда келгуси йил ҳосили учун экиладиган ғалла майдонларини экишга тайёрлаш ва шўр ювитш тадбирларини уюшқоқлик билан ўтказишга бағишланган кўргазмали семинарлар ташкил этилмоқда.

   

Шунда кўргазмали семинарларнинг бири Элликқалъа туманидаги “Амиробод”  овул фуқаролар йиғини ҳудудидаги “Элликқалъа -Элита уруғчилик хўжалиги” МЧЖнинг дала майдонида ўтказилди.

Кўргазмали семинарда туман ҳокими С.Авезов, Ўзбекистон  Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирининг 1-ўринбосари Б.Тогаев  Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирининг ўринбосари Р.Қаршиев ва тегишли соҳа вакиллари,  ғаллачилик фермер хўжаликлари раҳбарлари,  олимлар,  иштирок қилдилар.

Семинарда ғалла экиш тайёргарлик кўришда кечиктириб бўлмайдиган  агротехник тадбирлар, ер майдонларини лазерли текислаш, минерал ўғитлар билан экишга тайёрлаш ва бошқад муҳим вазифалар ҳақида маълумотлар берилди ва муҳокама қилинди.

Тадбирда Сув хўжалиги вазирининг ўринбосари Р.Қаршиев сўзга чиқиб, ғалла ҳосилини етиштиришда мавжуд сув ресурсларидан самарали фойдаланиш, ғалла майдонларида ёмғирлатиб суғориш технологиясини жорий қилиш масалаларига тўхталиб ўтди. Хусусан, Қорақалпоғистон шароитида ғалла майдонларини лазерли ускуналар билан текислаш бу – ҳам сувнинг кўп миқдорда тежалишига олиб келадиган самарали тадбирлардан саналишини алоҳида таъкидлаб ўтди.

 

Маълумотларга кўра, Қорақалпоғистон Республикасида 2024 йил ҳосили учун жами 50 минг гектарда майдонга ғалла экиш режалаштирилмоқда.  Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, ғалла майдонларида экиш олди шўр ювиш ишларига жами манбадан 450,0 млн.м3 ва экишдан кейинги кузги, баҳорги ва ёзги суғориш ишларига 357,14 млн.м3, жами 807,14 млн.м3 сув миқдори сарфланиши кутилмоқда.

Маълумот учун: Элликқалъа туманида  2024 йил ҳосили учун 212 та фермер хўжаликларида жами  3500  гектар ер майдонда ғалла экилиши  режалаштирилган. Айни кунларда мазкур дала майдонларида ерларни экишга тайёрлаш ишлари бошланиб кетди.

Қорақалпоғистон Республикаси

Сув хўжалиги вазирлиги матбуот хизмати