Сувчилар орасида янги бошланғич партия ташкилоти тузилди

     Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлигида ЎзЛиДеП Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши томонидан сув хўжалиги тизимида “Сиёсий фаоллик ва ташаббускорлик – ислоҳотлар пойдевори” мавзусида тадбир ўтказилди.

     Вазирлик аппарат ходимлари ҳамда видеоконференцалоқа тарзида тизим ташкилотлари масъуллари иштирок этган тадбирда сиёсий онг ва фаолликни ошириш, жамоатчиликни партиянинг ғоявий мақсадлари билан яқиндан таништиришга алоҳида эътибор қаратилди.

Ушбу тадбир сув хўжалиги соҳаси ходимлари билан мустаҳкам мулоқот ўрнатиш, амалга оширилаётган сиёсий ислоҳотларнинг моҳиятини кенг жамоатчиликка етказиш, партиянинг сайловолди дастури доирасида сув ресурсларини оқилона бошқариш ва соҳадаги устувор вазифаларни мутахассислар билан чуқур муҳокама қилишга қаратилди.

Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси қўмитаси раиси Шарап Отемисов, Халқ депутатлари Нукус шаҳар Кенгаши депутати Ырысты Қуттымуратова ҳамда ЎзЛиДеП Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши аппарати раҳбари Адип Айбергенов сўзга чиқиб, мамлакатда амалга оширилаётган сиёсий ислоҳотлар, сув хўжалигидаги муаммоларни бартараф этишда сиёсий ташаббусларнинг аҳамияти ва ҳамкорлик механизмларини мустаҳкамлаш зарурияти ҳақида ўз фикрларини билдирдилар.

ЎзЛиДеПнинг сайловолди дастурида сув ресурсларини сақлаш, сув тежайдиган технологияларни жорий этиш, “Тоza suv” лойиҳаси орқали аҳоли турмуш сифатига ижобий таъсир кўрсатиш, давлат-хусусий шерикликни кенгайтириш каби ташаббуслар устувор ўрин тутгани таъкидлаб ўтилди.

Тадбир доирасида Сув хўжалиги вазирлиги тизимида ЎзЛиДеПнинг янги бошланғич партия ташкилоти тузилди. Унинг раиси этиб вазирлик ахборот хизмати бўйича бош мутахассиси Атажанов Ғайратжан Мадримович сайланди.

Аҳамиятлиси шундаки, тадбир доирасида 103 нафар ходим партия аъзоси бўлиш истагини билдирди ва ислоҳотларни амалга ошириш жараёнида фаол иштирок этишга тайёр эканини маълум қилди.

— Бугунги мулоқотда биз нафақат партия дастури билан танишдик, балки фуқаролик жамиятининг ривожида ҳар биримизнинг ўрнимиз борлигини яна бир бор ҳис қилдик, — дейди Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлигининг Қурилиш ва таъмирлаш ишларини ташкил этиш шўбаси бошлиғи Айдос Махаматдинов. — Сиёсий фаоллик — бу фақат сайловолди жараёнида эмас, балки доимий, изчил ва ташаббускор фаолиятдир. Мана бугун мен партия сафига қўшилишга хайрихоҳлик билдирдим ва аъзолик гувоҳномасини қабул қилиб олдим. Эндиликда ўз ташаббусларимизни партия депутатлари орқали илгари суриш имкониятига эгамиз. Сув хўжалигидаги муаммоларни ҳал этишда ҳам ана шундай ёндашув, масъулият ва ҳамкорлик муҳим аҳамиятга эга.

Тадбир сўнгида ЎзЛиДеП Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши масъуллари келгусида бу каби ташаббусларни қўллаб-қувватлашга ва янги ғоялар устида ҳамкорликда ишлашга тайёрлигини билдиришди.

Қорақалпоғистон Республикаси

Сув хўжалиги вазирлиги матбуот хизмати