
Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги миллий ҳамкор ҳисобланган, Марказий Осиё минтақавий экологик маркази (МОМЭМ) томонидан Европа Иттифоқининг молиявий кўмагида амалга оширилаётган “Ўзбекистонда барқарор сув ва экологик ривожланиш учун хабардорликни ошириш ва ҳамкорлик. 3-компонент” (UzWaterAware) лойиҳаси доирасида Қорақалпоғистонга пресс-тур уюштирилди. Тадбир давомида Нукус шаҳри ва Нукус туманидаги 4 та мактабда сув ресурсларини тежаш, ундан оқилона фойдаланиш мавзулари бўйича экодарслар ўтказилди.

– UzWaterAware лойиҳаси доирасида ўтган йилнинг ноябрь ойидан буён бутун Ўзбекистон бўйлаб мактабларда “Сувни эъзозланг!” шиори ва хэштеги остида экологик дарслар ўтказиб келмоқдамиз, – дейди МОМЭМнинг Ўзбекистондаги филиали директори Шаҳноза Умарова. –Бундан кўзланган асосий мақсад иқлим ўзгариши шароитида сувдан оқилона фойдаланиш ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш масалаларига ўқувчилар эътиборини жалб этиш ва уларнинг хабардорлигини оширишдир.
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва Халқ таълими вазирлиги кўмагида ташкил этилган бу галги тадбирларимизда пандемия шароитини ҳисобга олган ҳолда, ўқувчиларга COVID-19 инфекциясидан ҳимояланиш бўйича кўрсатмали буклетлар, ҳимоя ниқоблари ва антисептик воситалари ҳам совға қилмоқдамиз. Шунингдек, сув ва сувдан оқилона фойдаланиш ҳақида ўзига хос йўриқнома бўлган китобларни қорақалпоқ тилига таржима қилган ҳолда тайёрлаб келдик.
– Экодарслар давомида намойиш қилинган мультфильм шаклидаги видеороликлар ўқувчиларимизда катта таассурот уйғотди, – дейди Нукус шаҳридаги 31-сонли ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактаби директорининг ўринбосари Дилбар Байниязова. – Айниқса, анимацион ролик қаҳрамонлари Ҳасан ва Ҳусаннинг ҳаракатларини кузатиш орқали болажонларимиз сувни қандай қилиб асраш ва эъзозлаш кераклигини жуда яхши англаб олдилар. Шунингдек, ўқувчиларга қишлоқ хўжалик экинларини етиштириш учун қанча сув сарф этилиши ва бу жараёндаги йўқотишларни қандай қилиб камайтириш мумкинлиги ҳақида ҳам маълумотлар берилди. Тадбир ташкилотчилари томонидан мазкур роликлар, уч тилдаги китоблар ва шу каби тарғибот материаллари жамланган ташқи хотира қурилмаси (флешка) мактабимизга совға қилинди. Биз, бу материалларни барча синфларда намойиш қилишни, шу жумладан, ижтимоий тармоқдаги ота-оналар гуруҳларига ҳам жойлаштириб, сувни ҳурмат қилишни, ундан тежамкорлик билан фойдаланишни тарғиб қилмоқчимиз.
Шунингдек, тадбир ташкилотчилари Қорақалпоғистон Республикаси Халқ таълими вазирлигида ҳам бўлишиб, олис овуллардаги мактаб ўқувчилари учун 2500 та ҳимоя ниқоблари ва ҳудудларда эко-дарсларни ташкил қилиш учун тарғибот материаллари жамланган флешка тақдим қилдилар.


Қорақалпоғистон Республикаси Амударёнинг энг қуйи қисмида жойлашганлиги боис сув танқислиги муаммосидан кўпроқ азият чекиб келади. Орол денгизининг ҳалокатли оқибатлари минтақада яшовчи аҳолига сувнинг қанчалик муҳим эканлигини кўрсатди. Шу сабабли ҳам сувни тежашга оид тарғибот тадбирлари муҳим аҳамият касб этади.
|
Ғ.ОТАЖОНОВ, Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги матбуот котиби |