Айни кунларда Қорақалпоғистонда бўлиб турган Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазири Ш.Хамраев туманларда сув хўжалиги, шунингдек, «Камбағалликдан фаровонлик сари» дастури доирасида амалга оширилаётган ишлар билан яқиндан танишмоқда.

Бугун, Сув хўжалиги вазири Ш.Хамраев Кегейли тумани ҳокими А.Камалов билан учрашиб, «Камбағалликдан фаровонлик сари» дастури доирасидаги ишларни муҳокама қилдилар. Масъуллар мазкур дастур асосида “Жанабазар” овул фуқаролар йиғини ҳудудида экскаватор ёрдамида қазилаётган “Хожа яп” каналини бориб кўрди.

Шунингдек, Сув хўжалиги вазири “Ақтуба” овул фуқаролир йиғини ҳудудидаги “Тонгмўйн” ички ариғини тозалаётган иккита экскаватор бошқарувчилари билан учрашиб, мулоқот қилди. Масъулларга ишларни жадаллаштириш бўйича кўрсатмалар берди.
Куннинг иккинчи ярмида Сув хўжалиги вазири Нукус туманидаги яқинда қайта қазилиб, фойдаланишга қўшилган “Таш арна” каналини бориб кўрди.
Шу ерда Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазири Б.Жузбаев ҳамда Нукус тумани ҳокими З.Зайтов мазкур каналнинг фойдаланилмай турган қисмида ташкил этилаётган ўрдакхоналар ҳақида маълумот беришди.

Сув хўжалиги вазири Ш.Хамраев Нукус туманидаги «Ақманғит» каналининг реконструкция ишлари билан ҳам танишди. Мазкур каналнинг 9,5 километр қисмида бетонлаш ишларини олиб бориш назарда тутилган.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг тегишли қарорига асосан ушбу канални реконструкция қилиш лойиҳасини амалга ошириш учун 9,5 млрд. сўм маблағ ажратилган бўлиб, бугунги кунда қурилиш корхонаси томонидан зарур техникалар жалб этилган ҳолда канал бетонлашга тайёрланмоқда.

1963 йилда фойдаланишга топширилган «Ақманғит» хўжаликлараро каналида бетонлаш ишлари якунлангач, сув йўқотишлар камайиши билан бирга тумандаги «Ақманғит,» «Каттағар» ва «Дарсан» хўжаликларидаги аҳолининг томорқалари ҳамда 29 та фермер хўжалигининг жами 2 минг 850 гектар экин майдонларининг сув таъминоти яхшиланади.
Шунингдек, Сув хўжалиги вазири Нукус тумани ҳокими билан «Камбағалликдан фаровонлик сари» дастури доирасида амалга ошириладиган ишларни муҳокама этиб олдилар. Ҳудудий сув хўжалиги масъулларига Дастур дорасидаги ишларни, хусусан, аҳолининг томорқа майдонларига сув етказиш, сув хўжалиги объектлари атрофида ёрдамчи хўжаликлар ташкил этиш борасидаги ишларни алоҳида назорат олиш бўйича топшириқлар берилди.
Қорақалпоғистон Республикаси
Сув хўжалиги вазирлиги Матбуот хизмати