___ Хўжайли туманидаги “Султон Адай” насос станциясида сув хўжалиги тизимидаги насос станцияларини давлат-хусусий шерикшиликка ўтказиш юзасидан семинар ўтказилди.

___ Семинарда Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги, Қорақалпоғистон насос станциялари ва энергетика бошқармаси масъуллари ва ҳозирда хусусий-шериклик асосида ишлаётган ва шунга қизиқиш билдирган фермерлар иштирок қилди.
___ Тадбирда таъкидланганидек, Ўзбекистон Республикаси Президенти раислигида шу йилнинг 18 апрелида ўтказилган видеоселектор йиғилишида берилган топшириқлар ижросини таъминлаш ҳамда бу борада берилган Ҳукумат топшириқлари, яъни насос станцияларини хусусий секторга беришнинг аҳамияти кенг тушунтирилди. Шунингдек, хусусий шерикларнинг мажбуриятлари, хусусан, белгиланган инвестиция шартларига мувофиқ насос агригатларини янгисига алмаштириш, қуёш панелларини, онлайн сув ўлчаш қурилмаларини ўрнатиш ва насос станциялари ходимларига шарт-шароитлар яратиш мақсадида янгидан уй-жойлар қуриш ва мавжудларини қайта реконструкция қилиш кераклиги айтиб ўтилди.

___ – Бугунги кунга қадар, хусусий шериклар томонидан лойиҳа доирасида 959.7млн.сўм инвестиция маблағлари киритилди, – дейди Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлигининг Давлат-хусусий шериклик лойиҳаларини шакллантириш ва жорий этиш сектори бошлиғи Шингис Айтмуратов. -Шунинг ҳисобидан агрегатлар янгиланиб, замонавий ускуналар ўрнатилиши натижасида иқтисодий тежамкорлик ва иш унумдорлигига эришилмоқда. Масалан, рақамларни таҳлил қилиб умумий ҳисоблаганда 42,9 млн.кВт.соат электр энергия иқтисод қилишга эришилгани ва 12 миинг 250 гектар экин майдонларининг сув таъминоти яхшиланганини кўришимиз мумкин.
___ 2023 йил Қоракалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги томонидан 25 та насос станцияларни давлат-хусусий шериклик шартлари асосида хусусий шерикларга бошқарувга бериш режалаштирилган, лойиҳаларнинг умумий қиймати 93.332млрд.сўм бўлиб, дастлабки йилларда 25 млрд.сўм инвестиция маблағлари киритиш белгиланган. Хусусий сектор томонидан 25 та насос станцияларидаги 55 та насос агрегатлари янгисига алмаштириш режалаштирилган. Шундан ҳозирги кунгача 15 та насос агрегатлари янгисига алмаштирилди.

___ Семинарда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашиининг 2023 йил жорий йилнинг 17 майдаги “Қорақалпоғистон Республикасида 2023 йилда сув хўжалиги тизимидаги насос станцияларини давлат-хусусий шерикшиликка ўтказиш тўғрисида”ги қарорининг ижросини таъминлаш борасидаги вазифалар белгилаб олинди. Шунингдек, насос станцияларни хусусий шерикларга бошқарувга бериш бўйича лойиҳа ҳужжатларни ишлаб чиқиш, битимларни имзолаш ва реестрга киритиб бориш масалалари муҳокама этилди.

___ Тадбирда насос станцияларини давлат-хусусий шерикликка олган ва бошқа ташаббускорлар ўзларини қизиқтирган саволларга масъуллардан жавоблар олишди.
___ Маълумот учун: 2024-2026 йилларда Қорақалпоғистонда яна 10 дона насос станцияларини давлат хусусий-шериклик асосида берилиши режалаштирилмоқда. Бунинг натижасида 4957,4 гектар экин майдони сув таъминоти яхшиланиши ва 4,5млн.кВт электр энергия иқтисод қилиниши кутилмоқда.
Ғ.Отажонов,
Қорақалпоғистон Республикаси
Сув хўжалиги вазирлиги матбуот котиби