Беруний тумани: НАСОС СТАНЦИЯЛАРИДА СУВ ВА ЭЛЕКТР ЭНЕРГИЯ ЛИМИТЛАРИГА ҚАТЪИ АМАЛ ҚИЛИШ БЕЛГИЛАНДИ

        Беруний туманида Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Беруний   насос станциялари ва энергетика бошқармасига қарашли “НАПЭ 1,1 №125” сузувчи  насос станциясида “Сув ресурслардан ва электр энергиядан самарали фойдаланиш ва иқтисод қилиш, насос станцияларда куз-қиш таъмирлаш ишларини олиб бориш юзасидан   амалий семинар ўтказилди.

      Беруний   насос станциялари ва энергетика бошқармасининг Техника хавфсизлиги бўйича бош мутахасиси М.Розимов, Насос станцияларини эксплуатация қилиш бўлими мутахассиси Ш.Исмоиловлар ҳамда “НАПЭ 1,1 №125” сузувчи насос станция ходимлари иштирок қилган семинарда насос агрегатларига сув ва электр энергия сарфини онлайн ўлчовчи қурилмалардан фойдаланиш, мавсумий таъмирлаш ишларини бажаришда  техника хавфсизлик қоидаларига риоя қилиш бўйича кўрсатмалар берилди.

        Таъкидланганидек, ушбу насос станциясидаги 2 та СНПЭ 50/10 русумидаги сув насоси  жорий мавсум олдидан таъмирланиб сув чиқаришга шай ҳолатга келтирилган. Шунингдек, чиқарилган сув микдорларини ўлчовчи 2 та сув ўлчаш қурилмаси ўрнатилиб, ушбу рақамли қурилмалар вазирликнинг марказий  ахборот базасига интеграция қилинган. Амалий семинарда ушбу қурилмаларнинг самарадорлиги ва ишлаш тизими ҳақида ҳам маълумотлар берилди.  Ушбу насослар ёрдамида Беруний туманидаги “Шобббоз” ОФЙ ҳудудидаги 300 гектардан ортиқ фермер хўжаликлари ҳамда аҳолининг томорқа майдонларига сув етказилади.

        Насос станцияларида электр энергиясини тежаш, электродвигателларни мунтазам назорат қилиш, уларга тежамкор ускуналарни ўрнатиш ҳамда насос агрегатлари таъмирини ўз вақтида олиб бориш, ишчи-ходимларнинг техника хавфсизлиги қоидаларига риоя қилиши ва уларга қулай  шароит яратиб бериш каби муҳим масалалар ҳам муҳокама қилиниб, масъулларга керакли тавсия ва кўрсатмалар берилди. Барча насос станцияларида шўр ювиш мавсумида белгиланадиган сув ва электр энергияси лимитларига қатъи амал қилиш белгиланди.

Қорақалпоғистон Республикаси

Сув хўжалиги вазирлиги Матбуот хизмати